Ссылки доступа

Тожикистонда яна АҚШ доллари тақчиллиги кузатилмоқда


“Қора бозорда” америка валютаси курсининг ошишига олиб келган банк муассасаларидаги доллар тақчиллиги Тожикистон тадбиркорлари ва оддий аҳолининг ташвишланишига олиб келди.

Охирги ойларда Тожикистонда доллар етишмовчилиги билан боғлиқ вазият кескин сезилмоқда. 20 феврал куни учта банк ва битта микромолиявий ташкилот “кўк” қоғозлар сотилиши чеклангани ва бир қўлга 200 доллардан зиёд маблағ берилмаслигини хабар қилган эди. Тожикистонликлар, хорижда ўқиётган талабаларнинг ота-оналари бўладими, хориждан маҳсулот сотиб олиш учун нақд доллар зарур бўлган тадбиркорлар бўладими, валюта қидириш йўлида катта муаммоларга дуч келмоқда.

Уч йил муқаддам, 2016 йили Тожикистон тижорий банклари ва микромолиявий ташкилотлар валюта алмаштириш ҳуқуқига эга бўлдилар.Улардан айримларининг таблосига 20 феврал куни қуйидаги маълумотлар осиб қўйилди: 100 доллар сотиб олиш қиймати – 943 сомони, сотиш – 944 сомони. Бироқ “қора бозор”да юз АҚШ долларини 980 сомонига сотиб олиш мумкин.

Тожикистон Миллий банкидагилар мамлакатда нақд доллар етишмовчилиги ҳақидаги саволларга жавоб берар экан, банклар ва бошқа кредит муассасаларида доллар сотишга чеклов йўқлигини, мижозлари эҳтиёжини ўз молиявий имкониятларидан келиб чиқиб таъминлашга уринаётганларини хабар қилишган. Яқинда Миллий банк Тожикистон ҳар куни 24 миллион АҚШ долларига муҳтожлигини хабар қилган эди.

«Сохибкорбанк» ходими Фарход Шерхоновнинг айтишича, ҳозир валюта бозоридаги аксарият операциялар Россия рублида амалга оширилмоқда, чунки муҳожирлик мавсуми авжида, доллар эса хориждан маҳсулот келтираётган тадбиркорларга керак, холос.

Банклар вакилларининг қайд этишича, Миллий банкдан биринчи навбатда зарурий эҳтиёж моллари – ун, ёнилғи мойлаш маҳсулотлари ва бошқа товарларни келтириш билан шуғулланадиган тадбиркорларни доллар билан таъминлаш топшириғини олишган. Бироқ айрим тадбиркорлар, хусусан, Сўғдлик дон ва ун ташийдиган тадбиркорларининг даъво қилишича, банклар бу топириқни бажармаяпти ва уларнинг банклардан доллар сотиб олиш уриниши муваффақиятсиз якунланган.

XS
SM
MD
LG