Ссылки доступа

Тошкентда "давлатга 800 миллиард сўм зиён етказган" 23 тадбиркор устидан суд бошланди


Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида Бекободдаги "Ўзбекистон Металлургия комбинати" ("Ўзметкомбинат") Акционерлик жамияти билан ҳамкорлик қилган ширкатлар эгалари ва ходимлари устидан 14 февраль куни суд жараёни бошлангани Озодликка бугун маълум бўлди.

Айбланувчилар яқинларининг иддао қилишича, тергов пайтида судланувчиларнинг аксарига руҳий босимлар қўлланилган, баъзилари эса қийноқларга солинган.

Тергов хулосаларидан маълум бўлишича, 23 нафар судланувчининг ҳаммаси Ўзбекистон ЖКнинг 167- (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш) ва 209- (Мансаб сохтакорлиги) моддалари бўйича қўзғатилган жиноят ишлари бўйича судланмоқда.

5 аёл ва 18 эркакнинг барчаси "давлат ва жамиятнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига" тахминан 800 миллиард сўм (салкам 100 миллион АҚШ доллари) миқдорида "иқтисодий зарар" етказишда айбланмоқда.

2017 йил июль ойида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг қарийб йигирма нафар ходими Бекободдаги металлургия комбинатида икки ой давомида комплекс текширув ўтказгани ортидан бир неча амалдор ишдан бўшатилган эди.

49 ширкат эгалари ва ходимлари устидан қўзғатилган жиноят ишлари мазкур текширувларга бориб тақалади.

Бош прокуратура масъул ходимининг норасмий билдиришича, қамоққа олинган шахслар юритган ширкатлар "Ўзметкомбинат" раҳбарияти билан келишиб, комбинатга шартнома асосида бошқа юридик шахслар номидан металлолом топширганлар ва "қайта ишланган металлоломни "қонунга хилоф равишда" сотганлар.

Бироқ, тергов ишига алоқадор прокуратура ходимининг маълум қилишича, тергов жараёнида дастлаб қамоққа олинган 80 нафарга яқин гумонланувчининг аксари "жиноят аломати бўлмагани учун" кейинчалик қўйиб юборилган.

Судга тортилган 23 нафардан олти нафари ҳамон ҳибсда ушлаб турилибди, қолган 16 нафари ўз яшаш манзилини тарк этмаслик ва тергов билан ҳамкорлик қилиш шарти билан очиққа чиқарилган ва яна бир нафар гумонланувчи қидирувга берилган.

Айбланувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган баъзи адвокатларнинг даъво қилишларича, тергов жараёни жиноят-процессуал қонуни нормаларига хилоф равишда олиб борилган.

Суд жараёни бир неча ой давом этиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG