Ссылки доступа

Колониядаги исён иштирокчиларининг жиноий иши Тожикистон Олий судига юборилди


Хўжанддаги қаттиқ режимли №3/3 колониясида юз берган исённинг 30дан ортиқ иштирокчисига нисбатан очилган жиноий иш Тожикистон Олий судига юборилди.

Ўтган йилнинг 8 ноябрига ўтар кечаси юз берган исён вақтида, расмий Душанбе маълумотига кўра, 21 нафар маҳбус ҳалок бўлди. Исён вақтида қамоқхонанинг икки нафар қўриқчиси ўлдирилди, беш нафар қўриқчи оғир жароҳат олди.

Хабарларга кўра, исён иштирокчилари бўлмиш маҳбуслар қотилликда, оғир тан жароҳати етказганликда, ҳукумат вакилларига қаршилик кўрсатганликда ва жазони ижро этиш муассасидаги режимни бузганликда айбланмоқда. Уларнинг ҳаммасига, шунингдек, ТР Жиноят кодексининг 332 моддаси –«Озодликдан маҳрум этиш жойидаги фаолиятни издан чиқариш билан боғлиқ ҳаракат»бўйича айб қўйилди, дея хабар берди манба.

Тожикистон Олий суди матбуот хизматининг 21 феврал куни таъкидлашича, ТР Бош прокуратураси жиноий ишни Олий судга юборди ва жиноий ишни кўриб чиқиш яқин орада бошланади. Бироқ, матбуот хизмати жиноий иш «маҳфийлиги»ни айтиб, батафсил изоҳ беришдан ўзини олиб қочди.

Шу билан бирга, айрим маҳбусларнинг қариндошлари, Олий судда ўзларининг адвокатларини кўрсатишларини сўрашганини айтишди. Ўғли исёнда иштирок этганликда айбланаётган Исфарада яшовчи фуқоронинг айтишича, айблов томонида кўплаб айбланувчиларнинг айбини исботловчи далиллар йўқ. «Мен яқинда Душанбеда бўлдим, ўғлимнинг айби масаласида Бош прокуратурага ва президет маъмуриятига мурожаат қилдим. Ҳеч ким менга бу масалада маълумот бера олмади. Биз жиноий ишлар билан шуғулланувчи адвокат топишимиз керак. Менда пул йўқ, адвокат хизматига пул тўлаш учун мен ўзимга тегишли мулкни сотишга мажбур бўлдим», - дейди ўз номини ошкор қилишни истамаган суҳбатдошимиз.

Хўжанд колониясида юз берган исённи бостириш вақтида қанча одам ҳалок бўлгани ва жароҳат олгани ҳозирча номаълум. Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Мухриддин 22 ноябр куни Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида, мамлакат шимолидаги колонияда юз берган исённи бостириш вақтида фақат террорчи ва хавфли жиноятчилар ўлдирилгани ҳақида баёнот берган эди. «Ўлдирилган маҳбусларнинг 12 нафари Сурия ва Ироқда «ИД» томонида туриб ҳарбий ҳаракатларда иштирок этгани учун жазони ўтаётган эди, уч нафари – «Ансоруллаҳ», «Жундуллаҳ» экстремистик гуруҳи ва Ўзбекистон ислом ҳаракатининг аъзолари эди, қолган олти нафари – қотиллик ва катта миқдорда наркотик моддалар контрабандаси каби оғир жиноятлар содир этгани учун ҳукм қилинган эди», - дея баёнот берди ТР ТИВ раҳбари.

Бироқ, бошқа манбалар Хўжанддаги қаттиқ режимли колониядаги исённи бостиришда камида 53 киши ҳалок бўлгани ва 186 кишининг жароҳат олганини маълум қилди.

Жазони ижро этиш муассасида юз берган тартибсизликлар муносабати билан колониянинг 7 нафар ходими қўлга олинди. Хўжанддаги колонияда юз берган исён учун маъсулиятни «Ислом давлати» (ИД) террор гуруҳи ўз зиммасига олди.

XS
SM
MD
LG