Ссылки доступа

Тошкентда 10-синф ўқувчиси мактабга пневматик автомат ва 1,5 мингта металл золдир билан келди


Халқ таълими вазирлиги мактабга пневматик автомат билан келган ўқувчи юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

20 февраль куни Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги 5-сонли мактабининг 10-синф ўқувчиси сумкасидан MINI UZI IWI пневматик автомат, 4 дона пневматик газли балон, 1 дона қурол учун магазин, 1,5 мингга яқин металлдан ясалган золдир ва 1 дона сафари рангли ҳимоя маскаси топилгани хабар қилинган эди.

Вазирликнинг 21 февралда тарқатган расмий билдирувида мазкур ҳолат мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари томонидан аниқлангани айтилди.

Мактаб маъмурияти бу борада Юнусобод туман милициясига мурожаат қилган. Қўшимча суриштирув ишларини олиб бориш учун Юнусобод туман Ички ишлар бўлимига ўқувчи ва унинг ота-онаси чақиртирилди.

“Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 27 февралдаги 3-сон қарори 2-бандига мувофиқ, пневматик қурол ўқотар қуролга кирмаслиги тўғрисида тушунча берилган ва мамлакатимизда пневматик қуроллар савдосига ҳеч қандай чеклов ўрнатилмаган”, - дейилади расмий билдирувда.

Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати журналистларни "бу каби ҳолатлардан шов-шув яратмаслик"ка чақирган.

XS
SM
MD
LG