Ссылки доступа

Нидерландия ТИВ: Тожикистон ҳукумати бизни Шарофиддин Гадоев ҳибсга олинганидан хабардор қилди


Нидерландия ташқи ишлар вазирлиги Тожикистон ҳукумати Амстердамни мухолифатдаги сиёсатчи Шарофиддин Гадоев ушланганидан хабардор қилганини маълум қилди.

15 феврал куни Тожикистон ИИВ баёнот бериб, Гадоев ўз ҳоҳиши билан ватанга қайтганини маълум қилди. Бироқ, мухолифатдаги Тожикистон Миллий альянси (ТМА) Шарофиддин Гадоев айрим шахслар томонидан Москвага таклиф қилинганини, ҳамда Россиядаги айрим “коррупциялашган амалдорлар” ёрдами билан Тожикистон махсус хизматлари томонидан ўғирлангани борасида баёнот берди.

«Нидерландия ТИВ Гадоевга ёрдам бериш йўлларини қидирмоқда. Бу масала бизнинг назоратимизда турибди», - дейилади Нидерландия ташқи сиёсат маҳкамаси матбуот котиби Вилемен Вельдманнинг қувғиндаги тожик мухолифати етакчиларидан бирининг “жумбоқли” равишда ватанига қайтгани тўғрисидаги саволга берган ёзма жавобида.

Тожикистон ИИВдаги манбанинг айтишича, Шарофиддин Гадоев ҳибсга олинмаган. «Гадоевнинг иши амнистия қўллаш борасидаги илтимоснома сабабли кўриб чиқилмоқда. Бу албатта бир неча кун олади. Айни дамда Шарофиддин Гадоев ушланмаган, бироқ белгиланган маълум бир вақтда тегишли идораларга келиб суҳбатдан ўтиши керак», -деди ТР ИИВдаги манба ўз номини ошкор этмаслик шарти билан.

15 феврал куни Тожикистн ИИВ баёнот бериб, Шарофиддин Гадоев ўз хоҳиши билан ватанга қайтганини билдирди. Ҳуқуқ тартибот муассаси сайтида эълон қилинган баёнотда, Шарофиддин Гадоев "Душанбе шаҳар аэропортига келгани ва ИИВнинг аэропорт бўлимида қилмишидан пушаймон эканлигини ва ватанга «Москва-Душанбе» рейсида келганини айтгани таъкидланади.

ТР ИИВнинг маълум қилишича, Шарофиддин Гадоев 2012 йилдан бери Тожикистон Республикаси Жиноят Кодексининг 289-моддаси 1-қисми (Контрабанда) ва 340-моддаси 2-қисми (Ҳужжатларни сохталаштириш, тайёрлаш ва сотиш) бўйича қидирувда бўлган.

Кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган видеода, Гадоев ўз хоҳиши билан Тожикистонга қайтгани, қийноқларга солинмагани, ўзи бўлмаган вақтда Тожикистон нақадар ўзгариб кетганини ўз кўзлари билан кўргани таъкидланади. Шунингдек, у ўз издошларига мурожаат қилиб, ўзидан ўрнак олишга чақиради ва республикада фаолияти тақиқланган Тожикистон Ислом Уйғониш партияси(ТИУП) ҳаракатларини танқид қилади. Маълумки, у Душанбега келгунга қадар ТИУПи билан альянсда бўлган эди.

Шарофиддин Гадоев, Нидерландияда рўйхатдан ўтган “Тожикистон тараққиёти ва ислоҳотлари” ҳаракатининг раҳбаридир, у Тожикистон раҳбарияти шаънига кескин танқидий фикрлар айтиб келарди. Мухолифатчи сўнгги йилларда Нидерландиянинг Эйндховене шаҳрида яшаб келарди.

19 феврал куни тармоқда пайдо бўлган видеода Шарофиддин Гадоев баёнот бериб, мабодо ўзини Тожикистонда “учратиб қолгудек бўлишса” ёки тожик ТВ орқали пушаймонлиги борасидаги чиқишларни кўргудек бўлишса ёки ҳукумат унинг ўз хоҳиши билан ватанга қайтганини айтса, бу унинг ўғирлангани ва куч билан ватанга олиб келинганини англатишини таъкидлаган эди.

XS
SM
MD
LG