Бу ерда гап Россия ҳарбий разведкасининг эҳтимолий ходими бўлмиш Денис Сергеев (агентурадаги номи Сергей Федотов) ҳақида бормоқда.
Журналистларнинг аниқлашларича, Сергеев Қозоғистоннинг Ушарал (Олмаота вилояти) шаҳрида вояга етган. 1990 йилда у Екатеринбург Суворов ҳарбий училищесини тамомлади, шундан кейин ҳарбий карьерасини ҲДКлар билим юртида давом эттирди. 1999 йилда Сергеев Доғистондаги "Ослиное Ухо" тепалиги учун бўлиб ўтган жангларда иштирок этди, жароҳат олди ва давлат мукофотларига тақдим қилинди. 2000-йиллар бошларида Сергеев Москвага келди, ҳамда ҳарбий разведкачилар тайёрлайдиган Ҳарбий академияга ўқишга кирди.
The Insider маълумотига кўра, Сергеев нафақат Скрипаллар ва болгариялик тадбиркор Емельян Гебревни заҳарлашда, балки Россиянинг хориждаги бир қатор амалиётларида иштирок этган бўлиши мумкин. Жумладан, у Каталонияда ажралишга бағишланган референдумдан аввал бўлган, шунингдек Британияда Брексит тўғрисидаги референдум аввалида бўлган. Унинг бу воқеаларга бевосита алоқасини журналистлар аниқлай олмади. Бироқ, улар Сергеев Черногориядаги тўнтаришда иштирок этган ҳарбий разведка ходимлари билан таниш бўлганини аниқлашди.
Журналистлар шунингдек, Сергеевнинг 2013 йилда Тожикистонга, 2014 йилда Чехияга ва 2015 йилда Туркияга борганини аниқладилар. Bellingcat ва The Insider билан мулоқотда бўлган эксперт бу ташрифлар Сурияга қурол сотиш билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтди. Аммо бу версияни тасдиқлашнинг имкони йўқ. The Insider нашри Bellingcat билан олиб борилган қўшма суриштирувларнинг навбатдаги қисми тафсилотларини эълон қилишга ваъда берди.
Англиянинг Солсбери шаҳрида Сергей Скрипалга суиқасд қилишда агентура номи Сергей Федотов номли учинчи гумондор борлиги феврал ойи бошларида маълум бўлди. Унга қадар ОАВ фақат Александр Мишкин ва Анатолий Чепига ҳақида ёзди. Версия ва Британия терговига кўра, айнан шу кишилар Москва топшириғига биноан Англияда СССРда ишлаб чиқарилган "Новичок" заҳарини ишлатган. Москва бу айбловларни инкор қилади.