Ссылки доступа

Ўзбекистонда 4 яшар қиз ва унинг 8 яшар акаси ИИБда сўроқ қилинди. Қўрқиб кетган бола неврозга чалинди


Тошкент вилоят, Бўстонлиқ туман Ички ишлар бўлими терговчилари 4 яшар қиз ва унинг 8 яшар акасини ота-онаси ва педагог иштирокисиз Ички ишлар бўлимига олиб бориб сўроқ қилган.

Болаларнинг онаси Наргиза Қурбонованинг айтишича, бу воқеа 2018 йилнинг 23 сентябрида бўлган ва натижада 8 яшар ўғли қаттиқ қўрқувдан руҳий жароҳат олиб, неврозга чалинган.

Наргиза Қурбонованинг айтишича, 2018 йилнинг 23 сентябрида Бўстонлиқ туман ИИБнинг фуқаролик кийимидаги икки терговчиси уйига келган.

Терговчилар тумандаги ҳусусий ширкатга қарашли олма боғида дарахтлар пайхон қилинаётгани ва мевалар сўроқсиз териб олинаётгани борасидаги шикоятлар бўйича келганини айтган.

- Эрим ва мени ҳеч қандаи́ далил-исботсиз олма у́ғирлаганликда аи́блаб, ИИБ бўлимига олиб кетмоқчи бўлишди. Биз далил-исбот сўраганимизда улар исботсиз иш қилишини аи́тишди. Ва уйимнинг олдида ўйнаётган 8 ёшли ўғлим ва 4 ёшли қизимни мендан бесўроқ олиб кетиб, ҳеч қанақа педагогсиз, қўрқитиб сўроқ қилишган, "отангни қамайман, ўзингни қамайман", деб қўрқитишган, болам ҳаммасини ўша куни айтиб берди, - деди Қурбонова.

Наргиза Қурбонованинг иддаосича, қизи ва ўғли милиция бўлимида қўрқитилган ва оқибатда 8 ёшли ўғли руҳий жароҳат олган.

- Қизимнинг аҳволи яхши, лекин ўғлим невроз бўлиб қолди. Ўша тергов қилинган кун кечаси ухлай олмай чиқди. Мелисани кўрса, қўрқиб қоладиган, айрим пайтлари иштонига қўйворадиган бўлиб қолди. Ўқитувчиси ҳам шу ўзгаришларни пайқаган. Шундан сўнг, ўзимизнинг туман касалхонасидаги болалар врачига олиб борсам, боланг қўрқиб қолган, невропатологга олиб бор деди. Невропатолог боланг невроз бўлган, деб диагноз қўйиб берди, - деди Қурбонова.

Наргиза Қурбонова ўтган ой врачлар боласининг неврозга чалинганини тасдиқлаганидан сўнг туман прокуратурасига қайта шикоят киритганини айтди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати 21 февраль кунги билдирувида Қурбонованинг терговчилар устидан ўтган йил ноябрь ойидаги шикояти кўриб чиқилгани ва ​Бўстонлиқ туман Ички ишлар бўлимининг уч нафар терговчисига болалар билан Жиноят-процессуал кодексининг 121-моддасига зид равишда суҳбат ўтказгани учун интизомий жазо қўлланилганини маълум қилди. ​

Наргиза Қурбонова ўғлини қонунга зид равишда сўроқ қилган ва унга руҳий жароҳат етказган терговчиларга қўлланилган "Танбеҳ" жазосидан норози эканини айтди.

Ўзбекистонда жиноят гувоҳлари ёки жабрланувчилар бўлган 16 ёшга тўлмаган болалар ўзларини йўқотиб қўйишлари ёки руҳан қийналишларига йўл қўймаслик учун махсус педагог иштирокида сўроқ қилиниши керак.

XS
SM
MD
LG