Ссылки доступа

HRW: Шарофиддин Гадоев Тожикистонга ўз хоҳиши билан қайтмаган


Шарофиддин Гадоев

Тўртта халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилот Россия ва Тожикистон ҳукуматини қувғиндаги тожик мухолифати етакчиларидан бири Шарофиддин Гадоевни қонунга зид равишда ушлаб, Душанбега куч ишлатиш орқали қайтарганликда айбламоқда.

Марказий Осиё мигрантлари Ассоциацияси, “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” Ассоциацияси, Human Rights Watch ва Норвегия Хельсинки қўмитасининг Қўшма баёноти 24 феврал, якшанба куни, эълон қилинди.

Хориждаги тожик мухолифатчиларининг бирлашмаси бўлмиш Тожикистон Миллий Альянси аъзоси Шарофиддин Гадоев шу йилнинг 13 феврал куни Россия Хавфсизлик Кенгаши вакиллари билан учрашиш мақсадида Москвага учиб кетган кетган эди, 15 феврал куни у Тожикистонда пайдо бўлиб қолди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги баёнот бериб, қилмишларидан пушаймон бўлган Шарофиддин Гадоев ўз хоҳиши билан Москва-Душанбе рейсида ватанига қайтганини билдирди. Кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган видеода Гадоев ўз истаги билан Тожикистонга қайтганини айтган. Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Гадоевнинг оиласи, қўшнилари ва дўстлари қуршовида турган кўплаб суратлари эълон қилинди.

Бироқ, HRW вакили Стив Свердлов 24 феврал куни, «кўплаб фотосуратлар ва саҳналаштирилган фильмлар Тожикистон ва Россия ўз зиммаларига олган халқаро мажбуриятларни бажармаётганини акс эттирган ҳақиқатни яширишга қодир эмаслигини» таъкидлади. «Шарофиддин Гадоев ўз истагига зид равишда Россияда ўғирланди, калтакланди ва Тожикистонга жўнатилди, у ерда унга ўйлаб топилган айблар қўйилади», - дейди Свердлов.

Гадоевнинг қариндошлари ва терговга яқин манбалар HRWга, Россия ва Тожикистон махсус хизматлари сиёсатчини куч билан Москвада ушлаганини ва самолёт билан Душанбега юборганини, Тожикистон ИИВ томонидан тарқатилаётган Гадоевнинг видеомурожаати руҳий ва жисмоний босим остида тайёрланганини айтишди.

19 феврал куни Тожикистон Миллий Альянси томонидан тармоққа жойлаштирилган видеода Шарофиддин Гадоев баёнот бериб, мабодо ўзини Тожикистонда “учратиб қолгудек бўлишса” ёки тожик ТВ орқали пушаймонлиги борасидаги чиқишларни кўргудек бўлишса ёки ҳукумат унинг ўз хоҳиши билан ватанга қайтганини айтса, бу унинг ўғирлангани ва куч билан ватанга олиб келинганини англатишини таъкидлаган эди.

Шарофиддин Гадоев, Нидерландияда рўйхатдан ўтган “Тожикистон тараққиёти ва ислоҳатлари” ҳаракатининг раҳбаридир, у Тожикистон раҳбарияти шаънига кескин танқидий фикрлар айтиб келарди. Мухолифатчи сўнгги йилларда Нидерландиянинг Эйндховене шаҳрида яшаб келарди.

HRW баёнот бериб, 13 феврал куни Гадоев Россия Хавфсизлик Кенгаши вакиллари билан учрашиш учун Москвага йўл олганини маълум қилди. 14 феврал куни Хавфсизлик Кенгаши ходимлари меҳмонхонада у билан учрашган, уни учрашувга олиб бориш ўрнигау тушган машина «Домодедово» аэропорти томон йўлга чиққан. Мухолифатчининг қариндошлари HRWга маълум қилишларича, Шарофиддин машинада калтакланган. Россия махсус хизмат ходимлари Гадоевни Душанбега 1223 рейси бўйича парвоз қиладиган «Сомон Эйр» авиакомпанияси бортига ўтқазди, парвоз давомида унга тожик махсус хизматларининг ходимлари ҳамроҳлик қилди. Гадоевнинг бошига қоп кийдирилгани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG