Ссылки доступа

"Ўзбектелеком" яна аҳолига 1 мартдан бошлаб чекловсиз Интернетни ваъда қилмоқда


«Ўзбектелеком» ҳиссадорлик жамияти 1 мартдан бошлаб Интернетга чекловсиз уланишнинг тарифларини жорий қилди.

Ташкилотнинг 25 февралда маълум қилишича, истеъмолчиларга тезлиги 4,10 ва 20 Мбит/cекунд бўлган трафиги чекланмайдиган хизмат таклиф этилмоқда. Бу хизмат учун абонентлар мос равишда ойига 99 минг, 149 минг ва 199 минг сўм ҳақ тўлайдилар.

Ўзбекистон Интернет тезлиги энг секин бўлган давлатлар қаторида туради.

Speedtest Global Index рейтингида мобил Интернет тезлиги жиҳатидан Ўзбекистон 10,44 Мбит/секунд кўрсаткичи билан 123 мамлакат орасида 108-поғонани, сим билан уланувчи Интернет тезлиги бўйича 126 давлат ичида 9,98 Мбит/секунд кўрсаткич билан 111-эгаллаб турибди.

Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 9 январь куни ўтган ахборот-коммуникация технологиялари масаласига бағишланган йиғилишда Интернет нархини кескин арзонлаштириш, тезлигини камида 4 баробарга ошириш, Интернет тезлигини 2020 йилга қадар МДҲ давлатлари даражасига етказиш тўғрисида топшириқ берганди.

Шундан сўнг «Ўзбектелеком» 2018 йил 1 декабрдан бошлаб интернет тезлиги 10 баробарга оширилиши тўғрисида маълум қилган. Бироқ истеъмолчилар бу ўзгаришни ўз фаолиятларида сезмаётганларини билдирмоқдалар.

XS
SM
MD
LG