Ссылки доступа

Қишлоқ хўжалик вазирлиги: Ўзбекистон қирғиз картошкасини сотиб ола бошлади


Ўзбекистон компаниялари янги шартномага биноан Қирғизистондан картошка сотиб ола бошлади. Бу ҳақда ҚР қишлоқ хўжалик, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазири Нурбек Мурашев маълум қилди.

«5 минг тонна картошка етказиб бериш тўғрисида келишув имзоланди. Бундан ташқари, ўнлаб компаниялар шартномаларсиз, тўғридан тўғри картошка сотиб олмоқда. Биз уларга барча шароитларни яратиб берамиз», - деди вазир.

Бир килограмм картошка нархи 5,5-7,5 сом (0,086$) туради.

2018 йил бошларида ҚР қишлоқ хўжалик, озиқ овқат саноати ва мелиорация вазири Нурбек Мурашев баёнот бериб, Қирғизистон картошкаси ва маккажўхорисини Ўзбекистонга экспорт қилиш юзасидан келишувга эришилганини маълум қилган эди.

Бироқ кузда мамлакат фермерлари баёнот бериб, картошка етиштиришда куйиб қолганликларини айтишди. Октябр ойи ўрталарида олибсотарлар даладан бир килограм картошкани 5-6 сомдан олиб кета бошладилар. Фермерларнинг сўзларига қараганда, улар Ўзбекистон томонидан бўладиган талабнинг юқори бўлиши ҳақида хукуматнинг прогнозларига ишониб қолишган. Айрим маълумотларга қараганда, Ўзбекистон ёзда Қирғизистон картошкасини олиб кирилишини таъқиқлаган.

Масала бир неча бор Қирғизистон ҳукумати ва парламентида муҳокама қилинди. Депутатлар, бош вазир ва президент Қишлоқ хўжалик вазири Нурбек Мурашевнинг фаолиятини кескин танқид қилди.

XS
SM
MD
LG