Ссылки доступа

Тожик ҳарбийлари Афғонистон билан чегарада хорижлик ёлланма жангарилар тўпланаётганидан хавотирга тушмоқда


Иллюстративное фото
Иллюстративное фото

Тожикистон чегара хизмати баёнот бериб, Афғонистон шимолий вилоятларида Тожикистон чегарасига қадар 6 мингдан ортиқ хорижий жангарилар тўпланаётганини маълум қилди. Бу ҳақда 26 феврал куни Марказий Осиё, Россия ва Афғонистон чегара хизматлари раҳбарларининг минтақавий мажлисида баёнот берилди.

Тожик амалдори Афғонистоннинг Бадахшон, Қундуз ва Таҳор вилоятларида террор гуруҳлари тўпланиб бораётганидан ҳавотирга тушаётганини билдирди. Унинг сўзларига қараганда, мазкур чегара ҳудудларида 16 минг 770 нафар жангари бўлиб, уларнинг 6 минг 370 нафари ажнабий ёлланма жангарилардир. «Улар террорчиларни тайёрлайдиган 36та лагер ташкил қилишди. Улар асосан Толибон, «Ансоруллоҳ», «Туркистон Ислом ҳаракати» ва «Ислом Давлати» жангариларидир», - деди Тожикистон чегара қўшинлари қўмондони, генерал-полковник Ражабали Раҳмонали.

Тожикистон Хавфсизлик кенгаши котиби Абдураҳим Қаҳҳаровнинг айтишича, террор гуруҳлари одатга кўра баҳор келиши билан фаоллашиб қолади, шу сабабли ҳам минтақа мамлакатлари хавфсизлик идоралари ва чегарачилари бу йўналиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашлари зарур.

Бундан аввал минтақа мамлакатларининг ҳарбий вакиллари бир неча бор Афғонистон билан чегарадаги вазиятдан ўз хавотирларини билдирган эди. 2018 йил ноябрида ОДКБ раҳбари Валерий Семериков Тожикистон ва Туркманистоннинг Афғонистон билан чегарасида кучли экстремистик гуруҳ шаклланиши хавфидан огоҳлантирган эди.

Тожикистоннинг Афғонистон билан давлат чегарасининг умумий узунлиги 1344 километрни, Туркманистон Афғонистон давлат чегараси эса 804 километрни ташкил қилади.

26 феврал куни Туркманистон ва Ўзбекистон президентларининг телефон мулоқоти бўлиб ўтди, улар 2019 йилнинг 12 апрелида Тошкентда бўлиб ўтиши кутилаётган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувига тайёргарлик масаласини муҳокама қилишди. Давлат раҳбарлари Афғонистон билан чегарадаги вазиятни муҳокама қилган ёки қилмагани ҳақида расмий матбуот хабар бермади.

XS
SM
MD
LG