Ссылки доступа

Ашхободдаги хусусий дўконларда алкогол маҳсулотларини олиб қўйиш мақсадида рейдлар ўтказилди


26 феврал куни Туркманистон пойтахтидаги хусусий дўконларда алкогол маҳсулотларини мусодара қилиш мақсадида рейдлар ўтказилди. Бу ҳақда Ашхободдаги «Озодлик» мухбирлари хабар қилди.

"Кеча шаҳардаги барча хусусий дўконларда рейдлар ўтказилиб, алкогол маҳсулотлар мусодара қилинди. Бозорларда алкогол сотувчи махсус нуқталар бор, улар билан бирга барча дўконлар текширилди", - дея хабар беради хусусий дўкон сотувчилари билан суҳбатлашган «Озодлик» мухбирларидан бири.

Унинг сўзларига қараганда, ўтказилган текширувлар 2018 йил декабрида қабул қилиниб, шу йил бошларида кучга кирган «Алкоголнинг зарарли таъсири профилактикаси тўғрисида»ги қонун талаблари билан боғлиқ.

Шу билан бирга мамлакат расмийлари бир неча йил мобайнида алкогол сотишни тўлалигича тақиқлашга бир неча бор уринди. Шу йилга қадар мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги йирик тадбирлар, шунингдек, соғломлаштириш ойлиги арафасида алкогол мунтазам равишда тақиқланди. Ҳар йили апрел ойида мамлакатнинг барча аҳолиси оммавий спорт тадбирларида иштирок этади, корхоналарда эса гимнастика машғулотлари ўтказилади, алкогол ва сигарет сотуви тақиқланади ёки қисман чекланади.

Алкогол сотуви тақиқланиши ва йирик шаҳарлардаги ҳамда вилоят марказларидаги хусусий дўконлардан алкогол маҳсулотларининг йиғиштириб олиниши бундан аввал ўтган йилнинг июлида, «Туркманистонда 2018-2024 йилларга мўлжалланганалкоголнинг зарарли таъсири профилактикаси бўйича Миллий дастур» қабул қилинганидан сўнг кузатилган эди.

XS
SM
MD
LG