Ссылки доступа

Тожикистонда баданидан 10та игна топилган чақалоқнинг онаси 10 йилга қамалди


Рудакий туман суди 26 февраль куни 27 ёшли Муҳайё Ёқубовани соғлиққа атайин оғир зарар етказишда айбдор деб топди ва уни ўн йилга қамади. Суд ҳукми қонуний кучга киргунига қадар у озодликда қоладиган бўлди.

Муҳайё Ёқубова ўтган йилнинг июль ойида 9 ойлик боласи Мудассир Каримовнинг баданига ўнта игна санчиб, оғир жароҳат еткизганликда гумонланиб тергов қилина бошлаган эди. Суддан сўнг Муҳайё Ёқубова айбловни тан олмаслигини айтди:

-Бу туҳмат. Ҳеч бир она ўз фарзандига бундай муносабатда бўлмайди. Ўғлимнинг баданида игналар қаердан пайдо бўлганини билмайман. Биринчи марта тергов қилишганида мени зўрлаш билан қўрқитишди, катта ўғлимни тортиб олиш билан таҳдид қилишди. Шундай йўл билан айбловни тан олдиришди. Суд менга босим кўрсатган бу беш нафар милиция ходимини чақириб сўроқ қилмади, аммо судда милиционерлар менга таҳдид қилишганига гувоҳ бўлган одам давлат қораловчиси сифатида иштирок этди,-деди Муҳайё Ёқубова.

Суд ва прокурор бу иш юзасидан шарҳ беришни истамади. Ёқубованинг адвокати Муҳаббат Усмонова эса:

-Мен аниқ ишонаманки, ҳеч бир она ўз фарзандига жароҳат етказмайди. Суд ҳукмидан норозимиз. Юқори суд инстанциясига шикоят аризаси киритамиз,-деб айтди.

9 ойлик Мудассир Каримов ўтган йилнинг июлида Душанбедаги Миллий тиббиёт марказига оғир аҳволда олиб келинган эди. Шифокорлар ўшанда унинг баданидан ўнта игна топишган.

Рентген орқали боланинг бошида, бурнининг остки қисмида, оёқларида, бўйнида, кўкрак қафасида ва бошқа аъзоларида игналар борлиги аниқланган.

Айрим игналар тананинг ичига чуқурлаб кетгани оқибатида шифокорлар чақалоқни қайта опреация қилишларига тўғри келган. Шифокорлар ўшанда бу игналар бола танасида камида уч ойдан бери мавжудлигини айтган эдилар.

Баданидан игналар топилган Мудассир Каримов оиладаги иккинчи фарзанд бўлиб, уни онаси тарбия қилади. Боланинг отаси эса Россияга меҳнат муҳожирлигига кетган.

XS
SM
MD
LG