Ссылки доступа

Манба: Хўжанд колониясидаги исён ортида «Маханов тўдаси» аъзолари турибди


Амирали Давлатов
Амирали Давлатов

Хўжанддаги қаттиқ режимли №3/3 колонияда юз берган исён иштирокчилари устидан суд жараёни бошланиши арафасида тартибсизликларни келтириб чиқарганлардан бирининг исми ошкор қилинди.

Терговчиларнинг хулосаларига кўра, Кулоб шаҳрида яшовчи, терроризм жинояти учун 19 йил қамоққа ҳукм қилинган 42 ёшли Амирали Давлатов тўрт ой давомида маҳбусларни исёнга тайёрлаб келган. Ўтган йилнинг 8 ноябрига ўтар кечаси колонияда юз берган тартибсизликлар оқибатида, расмий маълумотларга қараганда, 21 нафар маҳбус ҳалок бўлди. Исён вақтида қамоқхонанинг икки ходими ўлдирилди, беш нафар қўриқчи оғир жароҳат олди.

Жиноий иш билан таниш Сўғд вилоят прокуратурасидаги манбанинг 28 феврал куни ўз номини айтмаслик шарти билан хабар қилишича, терговчилар Амирали Давлатовни колониядаги исённинг асосий ташкилотчиларидан бири бўлган дея ҳисоблайди. Амирали Давлатов таниқли«Маханов тўдаси»нинг аъзоларидан биридир. Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Олий суди 2014 йил 20 март куни Алимурод Маханов гуруҳининг аъзоларини терроризмда айбдор дея топган эди. Гуруҳ раҳбари Маханов 21 йил муддатга колонияга ҳукм қилинди. Амирали Давлатов 19 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Махсус хизмат вакилларининг маълум қилишича, Маханов Ўзбекистон Ислом Ҳаракатининг фаол аъзоси ҳисобланади ва ЎИҲнинг минтақадаги амири этиб тайинланган. Унга 10 киши, жумладан тўрт нафар Тожикистон фуқароси, икки нафардан Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркия фуқоролари «хизмат қилган». Махановнинг сўзларига қараганда, у ва қўли остидагилар Покистоннинг Вазиристон вилоятидаги террор лагерларида жангавор тайёргарликдан ўтган.

Сўғд вилоят прокуратурасидаги манбанинг таъкидлашича, Амирали Давлатов исён ташкилотчиларидан бири бўлишига қарамай, тартибсизликларда бевосита иштирок этмаган. «Ўша оқшом унинг олдига рафиқаси келган эди ва Давлатов камерада бўлмаган. Ташкилотчиларнинг режасига биноан, айнан Амирали Давлатов ўша куни маҳбусларнинг жазони ижро этиш муассасида бўлган рафиқаларини гаровга олиши керак эди. Бироқ кутилмаганда чироқ ўчиб қолади ва шу сабабли у ўйлаган режасини амалга оширмайди», - дейди манба.

Тожикистон ИИВ раҳбари Рамазон Раҳимзода 14 февраля куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида исёнкорлар 7 нафар назоратчини гаровга олгани ва ҳукумат махбусларни озод қилмайдиган бўлса уларни ўлдириш билан таҳдид қилишгани борасида баёнот берган эди. «Мана шу ультиматумдан кейин жангга ОМОНчилар киришди, улар гаровдаги беш нафар ходимни озод қилди, бу вақтда икки нафари ўлдирилган эди», - деди Тожикистон ҳуқуқ тартибот идорасининг раҳбари.

Амирали Давлатовнинг онаси Тошби Ашурмадова ўғлига янги айб қўйишаётганини билади. Бироқ, у ўғли исён ташкилотчиларидан бири бўлганига ишонмайди. «Ўша куни келиним колонияда бўлган эди ва эрининг қандайдир қонунга зид ҳатти-ҳаракатларини пайқамаган», - дейди маҳбуснинг онаси.

Ўтган ҳафта маълум бўлишича, Хўжанд колониясида юз берган исёнда иштирок этган 30дан ортиқ иштирокчига нисбатан очилган жиноий иш Тожикистон Олий судига юборилган. Улар қотиллик, оғир тан жароҳати етказиш, ҳукумат вакилларига қаршилик кўрсатиш ва жазони ижро этиш муассасидаги ушлаш режимини бузганликда айланмоқда. Хўжанд колониясидаги исённи бостириш вақтида ҳалок бўлган ва жароҳат олганларнинг аниқ сони ҳамон номаълум. Манбаларнинг маълум қилишича, Хўжанддаги қаттиқ режимли колониядаги исённи бостиришда камида 53 киши ҳалок бўлган ва 186 киши жароҳат олган. Хўжанд колониясидаги исён учун маъсулиятни «Ислом давлати»(ИД) ўз зиммасига олди.

XS
SM
MD
LG