Ссылки доступа

Amnesty International Душанбени зудлик билан Шарофиддин Гадоевни озод қилишга чақирди


Шарофиддин Гадоев
Шарофиддин Гадоев

Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи Amnesty International ташкилоти расмий Душанбега мурожаат қилиб тожик муҳолифатининг етакчиларидан бири ва “24лар гуруҳи” ҳаракатининг собиқ раҳбари Шарофиддин Гадоевни зудлик билан озод қилишга чақирди.

Amnesty International 28 феврал куни Тожикистон бош прокурори Юсуф Раҳмон номигар асмий мактуб йўллади . Ҳуқуқ ҳимоячилари Москвада Шарофиддин Гадоевнинг ушланиши ва мажбуран Тожикистонга қайтарилишидан чуқур ташвишга тушганликларини билдиришди. Тожик мухолифати етакчиларидан бири бўлмиш Гадоев қонуний асосда Нидерландияда истиқомат қилиб келган ва бир неча бор ошкора баёнот бериб Тожикистонга қайтиш ниятида эмаслигини айтган эди, унинг сўзларига қараганда Тожикистонда уни қийноқлар ва бошқа шафқатсизларча муносабатлар, шунингдек адолатсиз бўлган суд кутиб турибди, дейилади ҳужжатда.

«14 феврал куни Гадоев Москва расмийлари томонидан ушланди ва эртаси куни Душанбеда пайдо бўлиб қолди. Бир кун Фархордаги ота уйида уй қамоғида ушлаб турилган Шарофиддин Гадоев ИИВ ходимлари томонидан номаълум жойга олиб кетилди», дея ёзади Amnesty International.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига қараганда, Нидерландия ТИВ 24 феврал куни баёнот бериб, Тожикистон ҳукумати мухолифатдаги сиёсатчининг жиноий ҳатти ҳаракатлари учун ҳибсга олинганини тасдиқлаганини маълум қилди. «Агар у Тожикистон ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинган бўлса ва унинг жиноятларини исботловчи далиллар бўлмаса у ҳолда халқаро меъёрларга биноан уни зудлик билан озод қилинг», -дея талаб қилмоқда ҳуқуқ ҳимоячилари.

15 феврал куни Тожикистон ИИВ баёнот бериб, Шарофиддин Гадоев ўз хоҳиши билан ватанга қайтганини маълум қилди. Ҳуқуқ тартибот идорасининг расмий хабарида таъкидланишича, Шарофиддин Гадоев 2012 йилдан бери ТР Жиноят Кодексининг 289 моддаси1 қисми (Контрабанда) ва 340 моддаси 2 қисми (Ҳужжатларни сохталаштириш, тайёрлаш ёки фойдаланиш) бўйича қидирувда бўлган.

Кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда пайдо бўлганвидеода, Гадоев ўз ҳоҳиши билан Тожикистонга қайтгани, қийноқларга солинмагани, ўзи бўлмаган вақтда Тожикистон нақадар ўзгариб кетганини ўз кўзлари билан кўргани таъкидланади.

Бироқ, мухолифатдаги Тожикистон Миллий альянси (ТМА) Шарофиддин Гадоев айрим шахслар томонидан Москвага таклиф қилинганини, ҳамда Россиядаги айрим “коррупциялашган амалдорлар” ёрдами билан Тожикистон махсус хизматлари томонидан ўғирлангани борасида баёнот берди. Мухолифатдаги сиёсатчининг қаердалиги номаълум.

Шарофиддин Гадоев 2015 йил март ойида Истанбулда “24лар гурухи” асосчиси Умарали Қувватов ўлдирилганидан кейин 2015-2016 йилларда гуруҳга раҳбарлик қилган эди. "24лар гуруҳи" муҳожиратдаги тожик мухолифати вакилларидан иборат бўлиб, Тожикистонда экстремистик ҳаракат сифатида фаолияти тақиқланган. Ҳаракат тарқалиб кетганидан кейин Нидерландияда истиқомат қилиб келаётган Гадоев янги ҳаракатга – «Тожикистон тараққиёти ва ислоҳатлар” ҳаракатига асос солди. Ҳаракат Тожикистонда фаолияти тақиқланган Ислом Уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабири раҳбарлик қиладиган Тожикистон Миллий альянсининг таркибий қисми эди.

XS
SM
MD
LG