Ссылки доступа

Тожик мухолифатчиси Шарофиддин Гадоев Европага қайтди


Қувғиндаги тожик мухолифати вакили, жумбоқли равишда 14 февраль куни Тожикистонда пайдо бўлиб қолган Шарофиддин Гадоев, 2 март куни Европага қайтганидан сўнг Тармоққа видемурожаатини жойлаштирди.

Унинг айтишича, Тожикистонда пайдо бўлиши билан боғлиқ ҳодиса тафсилотлари тўғрисидаги баёнот тез орада эълон қилинади. "Менинг тақдиримга бефарқ бўлмаган ҳаммага катта раҳмат. Мени ҳимоя қилиб чиққан давлатлар ва ташкилотларга миннадорчилик билдираман", -деди Гадоев.

Шарофиддин Гадоев Душанбедан Франкфурт аэропортига 2 март куни эрталаб "Сомон Эйр" авиакомпанияси самолётида келди. «Тожикистон тараққиёти ва ислоҳотлари» ҳаракатининг раҳбари Алишер Абдураҳмоновнинг шанба куни Франкфурт аэропортида айтишича, у Гадоевни ўз кўзлари билан кўрган.

Гадоевнинг яқин ҳаммаслакларидан бири Сулаймон Давлатовнинг шанба куни айтишича, Шарофиддинни аэропортда Нидерландия ТИВ вакиллари кутиб олган. Бундан аввал Тожикистонда фаолияти тақиқланган «24лар гуруҳи»нинг бир нечта аъзоси ва тожик ҳукуматига яқин манбалар Ҳолландияда қочқин мақомига эга бўлмиш «Тожикистон тараққиёти ва ислоҳотлари» ҳаракатининг собиқ раҳбари Германияга учиб кетгани акс этган фотография ва видеони эълон қилди.

«24лар гуруҳи»нинг собиқ аъзоси Файзулложон Сафаровнинг айтишича, Гадоев 2 март куни эрталаб «Сомон Эйр» авиакомпаниясининг самолёти билан Душанбе-Франкфурт йўналишида жўнаб кетган. Сафаровнинг фикрича, Гадоев афв қилинган ва шу сабабли у Европага қайтишга муваффақ бўлган.

Бироқ, Тожикистон расмийлари афв тўғрисида ва қувғиндаги тожик мухолифатини бирлаштирган Тожикистон Миллий альянси(ТМА) раисининг ўринбосарини афв қилиш борасида тавсия қилингани юзасидан бирор бир маълумот беришмади. Ички ишлар вазирлигидаги манбалардан бирининг айтишича, «Шарофиддин Гадоев ҳамиша озодликда бўлган». Аммо Тожикистон расмийлари Ҳолландия сўровига берган жавобида, Гадоев ҳибсда эканлигини таъкидлашган эди.

Гадоевнинг афв масаласини кўриб чиққан Тожикистон бош прокуратураси ҳамбу хабарни изоҳламади.

15 феврал куни Тожикистон ИИВ Гадоев ўз ҳоҳиши билан ватанга қайтгани борасида баёнот берган эди.

Шарофиддин Гадоев 2015 йил март ойида Истанбулда "24лар гуруҳи" асосчиси Умарали Қувватов ўлдирилганидан кейин 2015-2016 йилларда гуруҳга раҳбарлик қилган эди. "24лар гуруҳи" муҳожирликда бўлган тожик мухолифати вакилларидан ташкил топган ва экстремистик ҳаракат сифатида фаолияти Тожикистонда тақиқланган.

XS
SM
MD
LG