Ссылки доступа

ТИВ: Хитойда ушланган этник қозоқлар сони камайди


Қозоғистон ташқи ишлар вазири Бейбут Атамқулов баёнот бериб, Хитой Шинжонда ушланган этник қозоқларни озод қилаётганини маълум қилди.

4 март куни Остонада Мажилиснинг ҳукумат соатида чиқиш қилган Атамқулов йил бошидан бери Хитойда - Қозоғистон ва Хитой паспортига эга бўлган 33 кишининг ушланганини маълум қилди. Атамқуловнинг айтишича, айни дамда қўшфуқароликда гумон қилинган 20 киши қайтарилган.

Шу билан бирга, унинг айтишича, шу кунга қадар Қозоғистон ТИВга Хитойда ушланган қозоқлар ҳақида 1 387 ариза келиб тушган. «Бу аризалардаги ҳар бир шахс устида иш олиб бормоқдамиз», — дея баёнот берди Атамқулов ва ўз сўзига қўшимча қилар экан: «Бизга клиб тушаётган хабарларга қараганда, у ерда ушланган этник қозоқлар сони 80 фоизга қисқарган. Қолганлари ҳам босқичма- босқич озод қилинади», - деди.

Пекин Шинжонда уйғур, қозоқ ва туркий тилларда гаплашадиган бошқа миллат вакилларига қарши олиб бораётган сиёсати туфайли халқаро босимлар остида қолди. Шинжонда аввалига уйғурлар, кейинроқ эса қозоқ, татар ва ислом динига эътиқод қилувчи бошқа этник камчиликка мансуб аҳоли вакиллари ҳибсга олинаётгани ва минтақада “сиёсий қайта тарбиялаш лагерлари” ташкил этилаётгани тўғрисидаги хабарлар 2017 йил бошларида пайдо бўлди.

Ўтган йилнинг августида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хитой шимолий-ғарбидаги минтақа бўлмиш Шинжонда, турли маълумотларга қараганда, бир миллионга яқин мусулмонлар ушлаб турилганини маълум қилди. БМТ шунингдек, бир миллионга яқин бошқа миллат вакиллари “қайта тарбиялаш лагерларига” жойлаштирилганини маълум қилди. Пекин оммавий ушланишлар ҳақидаги баёнотларни инкор қилади ва бу каби муассасалар радикализм ва экстремизмга қарши кураш йўлидаги ва “жамиятга мослаштириш”га қаратилган“касбий тайёргарлик марказлари” эканини таъкидлайди.

XS
SM
MD
LG