Ссылки доступа

HRW: Тожик мухолифатчиси Гадоев ўғирланган ва шавқатсиз калтакланган


Шарофиддин Гадоев
Шарофиддин Гадоев

Қувғиндаги тожик мухолифати етакчиларидан бири Шарофиддин Гадоев Москвада ўғирлангани ва мажбуран ватанига олиб борилганини тасдиқлади, дея баёнот берди Human Rights Watchнинг Марказий Осиё муаммолари бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов.

Бўлиб ўтган суҳбатда тожик мухолифатчиси Тожикистонда ҳар куни махсус хизматлар ва ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари томонидан таҳдидлар остида бўлганини тан олди. Шарофиддин Гадоевнинг озод қилиниши – Москва ва Душанбедаги Нидерландия ва Германия дипламатик миссияси ходимларнинг хизматидир, - дея таъкидлайди HRW тадқиқотчиси.

«Human Rights Watch Гадоевнинг озод қилиниши ва унга бошпана берган Нидерландияга қайтишини олқишлайди. Биз Гадоевнинг ўғирланиши ва экстрадицияси факти бўйича махсус суриштирув ишларини олиб борамиз. Бугун бизга аён бўлдики, у Москвада ўғирланган ҳамда аэропортга кетиш йўлида ва Душанбега парвоз вақтида калтакланган. HRW Россия Федерал Хавфсизлик хизмати, ИИВ, Бош разведка бошқармаси, шунингдек Тожикистон Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитаси ва ИИВ томонидан тожик муҳолифатчисининг ҳуқуқлари бузилганини суриштиради», - дея 4 март куни баёнот берди Стив Свердлов.

Тожикистон ИИВ 15 феврал куни баёнот бериб, Гадоев ўз истаги билан ватанга қайтганлигини маълум қилди. Бироқ, мухолифат ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар, масалан, Human Rights Watch вакиллари 14 феврал куни Гадоев Москва расмийлари томонидан ушланиб, куч ишлатилган ҳолда «Сомон Эйр» авиакомпаниясининг 1223 рейси билан Душанбега олиб келинганини маълум қилди. Икки ҳафта ўтиб Тожикистон расмийлари мухолифатчини озод қилди. Шарофиддин Гадоев Душанбедан Германиянинг Франкфурт шаҳрига 2 март куни эрталаб "Сомон Эйр" авиакомпаниясининг рейсида келди.

«Гадоев Тожикистон Бош прокуратураси томонидан амнистия қилинди, шундан сўнг унда Европага қайтиш имконияти пайдо бўлди», - дея 4 март куни баёнот берди Тожикистон ИИВ матбуот котиби Умаржони Эмомали. Тожикистон расмийлари томонидан 2012 йилдан бери қидирувда бўлган Шарофиддин Гадоевга нисбатан Тожикистон Республикаси Жиноят Кодексининг 289-моддаси 1-қисми (Контрабанда) ва 340-моддаси 2-қисми (Ҳужжатларни сохталаштириш, тайёрлаш ва фойдаланиш) бўйича жиноий иш очилган эди.

Human Rights Watchнинг Марказий Осиё муаммолари бўйича тадқиқотчиси Стив Свердловнинг айтишича, куни кеча Гадоев билан қисқача телефон орқали мулоқотда бўлган. Бу суҳбатдан маълум бўлишича, 14 феврал куни Шарофиддин Гадоев Москвада Россия амалдорлари билан учрашган. Суҳбатдан сўнг 15 февраль куни яна бир учрашув бўлиши белгиланган. «Гадоевнинг айтишича, учрашувдан сўнг уни меҳмонхонада Россия махсус хизматлари ходимлари кутиб турган. Бироқ, йўлда кетишаётганларида уларнинг олдида минивэн тўхтаган, ундан махсус хизмат кийимида бўлган одамлар чиқиб, уни ўзларининг машинасига мажбуран ўтқазишган ва Москвадаги Домодедово аэропортига олиб боришган», - дейди Свердлов. Гадоев ҳуқуқ ҳимоячисига, аэропортда калтакланганини айтиб берди. Свердловнинг сўзларига қараганда, шундан сўнг ҳибсга олинган мухолифатчи – «Мен Шарофиддин Гадоевман» дея бақирган, бироқ унинг оғзи скотч билан беркитилган ва самолётга ўтқазишган. «Гадоевнинг айтишича, қийноқлар самолёт Душанбега келганда ҳам давом этган, унинг кийимлари қон эди», - дея таъкидлайди Свердлов.

Душанбеда Гадоев зудлик билан ТР ИИВнинг жиноий қидирув бошқармаси бошлиғи Шохрух Саидов билан суҳбатлашишга олиб борилади. Иккинчи куни дачалардан бирида унинг телемурожаати ёзиб олинади. Шундан сўнг Гадоев онаси ва қариндошлари истиқомат қиладиган Фархор туманига олиб борилди. Фархордан Душанбега қайтгач у турли тузилмаларда сўроқ қилинди. «Гадоевнинг айтишича, у ҳамиша назоратда бўлган ва унга доимий равишда ё ўлдирилиши, ё умрбод қамоққа ҳукм қилинишини айтиб дўқ қилишган», - дейди Стив Свердлов.

Шарофиддин Гадоев 2015 йил март ойида Истанбулда «24лар гуруҳи» асосчиси Умарали Қувватов ўлдирилганидан кейин 2015-2016 йилларда гуруҳга раҳбарлик қилган эди. «24лар гуруҳи» муҳожирликда бўлган тожик муҳолифати вакилларидан ташкил топган ва экстремистик ҳаракат сифатида фаолияти Тожикистонда тақиқланган. Ҳаракат парчаланиб кетгандан сўнг Нидерландияда истиқомат қилаётган Гадоев янги «Тожикистон тараққиёти ва ислоҳотлари» ҳаракатига асос солди.

XS
SM
MD
LG