Ссылки доступа

Ашхобод кўчаларида қора рангли автомобилларга қарши кураш давом этмоқда


Ашхобод расмийлари шаҳар кўчаларида қора рангли автомобилларни йўқотиш тадбирларини давом эттирмоқда, ҳар куни ўнлаб автомобиллар ушланмоқда.

"Қўшнимнинг машинаси қора-кулранг бўлгани учун жарима майдончасига олиб кетилди. Уни Мустақиллик парки яқинидаги Арчабил проспектида тўхтатишган, аввалига ҳужжатларини олиб қўйишган. У полиция ходимлари билан келишмоқчи бўлган, ҳатто бу гал қўйиб юборишларни сўраб ялиниб ҳам кўрган, у машинасини бўяши ёки сотиб юборишни айтган. Бироқ, улар машинани олиб кетишган, қўшнимнинг ўзи жарима майдончасига борган, унга икки нафар ДАН ходими ҳамроҳлиқ қилган", - дейди 4 март куни “Озодлик” мухбири билан суҳбатлашган Ашхободда яшовчи фуқаро.

“Озодлик” мухбирларининг хабар қилишларича, қора рангли автомобилларни ушлаш борасида автоинспекция ходимларининг ўз режаси бор, бу режага амал қилиниши раҳбарият томонидан назорат қилиб борилади.

"Полиция ходимларидан бири билан рация орқали қандайдир бошлиқ боғланди ва шу вақтга қадар қанча машинани ушлаганликлари билан қизиқди. Улар 10дан ортиқ дея жавоб қайтаришди, бу вақтда соат эрталабки11:30 эди. Бошлиқ ходимлар ёмон ишлаётганини айтиб, сўроққа тута бошлади ҳамда фаолроқ бўлишга чақирди. Бошлиқ билан суҳбатдан сўнг патрул гуруҳи аэропорт яқинидаги Битараплиқ проспектида икки баробар кўп машиналарни жарима майдончасига олиб кетишди. Бошлиқ фаол ишлашни талаб қилди", дейди “Озодлик” радиоси мухбирига полиция ходими ва бошлиқ ўртасидаги гапларга гувоҳ бўлган Ашхабодда яшовчи фуқаро.

“Озодлик” мухбирларининг айтишларича, бугунги кунда кўплаб автмобил соҳиблари учун вазиятдан чиқиб кетишнинг бирдан бир йўли автомобилларини оқ ранга бўяшдан иборатдир. Автомобилларни бўяш анча пулталаб қилади ва бир қатор расмиятчиликлардан ўтиш лозим бўлади. "Қора ва бошқа рангли машиналар эгаларига машиналарни оқ ранга бўяш юзасидан ДАНга ўз хоҳишлари билан ариза ёзиш талаб қилинади", -дея хабар беради “Озодлик” мухбири.

Оқ рангда бўлмаган хусусий автотранспортлардан фойдаланишни тақиқлаш борасидаги фаол ҳаракатлар феврал ойининг иккинчи ярмидан бошланди. 22 феврал куни “Озодлик” мухбири Туркманистон пойтахтида қора ранли автомобиллардан фойдаланиш оммавий равишда тўҳтатилгани ҳақида маълум қилган эди. Шу билан бирга ушланган қора рангли автомобил эгалари “қоида бузилиш” юзасидан мураккаб жараёнлардан ўтишлари керак бўлади, бу жараён автомобилларни жарима майдончасига олиб боришдан бошланади.

XS
SM
MD
LG