Ссылки доступа

Косонлик ногирон ГАИ ходимлари ўзини дўппослаганини иддао қилмоқда


Қашқадарёнинг Косон туманида яшовчи иккинчи гуруҳ ногирони 59 ёшли Олим Мустафоев "милиция ходимлари ўзини дўппослаганидан сўнг шифохонага тушиб қолгани" ҳақида шикоят қилди.

Мустафоевнинг иддаосича, у 5 март куни “Матиз” машинасида бозордан уйига қайтганида уч нафар йўл-патруль хизмати ходими уни “тўхта” ишорасига эътибор бермадинг, деб калтаклаган.

Косон тумани Тиббиёт бирлашмасининг травматология бўлимига ётқизилган Мустафоев 5 март кунги воқеани сўзлаб берди.

- Бозордан келаётувдим, ўрта полосага чиқиб, чапга бурилмоқчи бўлдим. ГАИ орқадан сирена билан келиб, мени бурилишимга тўсқинлик қилаяпти. Бурилдиму пастга тушдим. Уйим йўлни бўйида. Машинани ўчириб тушдим. Машинадан тушганимни биламан¸ ҳалиги ГАИ ходимлари келиб, тепкилай бошлашди мени, дубинка билан уриб. Кейин мени туман ИИБсига олиб боришди. У ерда ҳам уришди. Бошлиғига “тўхта дедик, тўхтамади, неподчинение қилди”, - тушунтираяпти. Калтаклаганларидан кейин, ҳушимни йўқотдим, мени касалхонага олиб келишибди, ҳозир травматология бўлимида ётибман, - деди Мустафоев.

Олим Мустафоевнинг айтишича, милиция ходимлари уни дўппослаганидан сўнг ҳушидан кетиб қолган.

Мустафоев ётган Косон тумани Тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий касалхона шифокори Фарҳод Турсунов калтакланиш белгилари билан шундай исмли беморнинг 5 март куни куни олиб келингани, ҳозирда аҳволи яхши эканини айтди.

​- Томография текшируви ўтказамиз. Калтак еган- емаганини билмайман, лекин бемор мени калтаклашди¸ деб айтди ва шунинг учун бемор сўзидан ҳужжатларида калтакланди, деб ёзиб қўйдик. Калтакланган- калтакланмаганини билиш бизни ишимиз эмас. Баданида шикаст етган жойлари бор, томографиядан ўтказамиз, кейин маълум бўлади. Боши чайқалгани белгилари бор, - деди шифокор.

Олим Мустафоев калтакланганида боши қаттиқ чайқалганини айтади.

Мустафоевни милиция ходимлари калтаклангани юзасидан унинг фарзандлари туман прокуратурасига шикоят қилган.

Шундан сўнг¸ Олим Мустафоевга кўра¸ туман прокуратурасидан терговчи келиб, у билан қисқа суҳбат ўтказиб кетган.

Милиция ходимлари билан фуқаролар ўртасидаги инцидентлар ҳақида аввал ҳам хабар берилган. Ўтган йилнинг октябр ойида Бухорода яшовчи 46 ёшли мардикор Рустам Мавлонов "милиция зобити ўзини дўппослаганидан сўнг шифохонага тушиб қолгани" ҳақида шикоят қилган эди.

2018 йилнинг июн ойида эса Қашқадарёнинг Китоб туманида ҳомиладор аёл милиция зобити ўзини калтаклаши оқибатида қорнидаги ҳомиласидан ажралиб қолиш хавфини бошидан кечирган ҳақида шикоят қилганди.

XS
SM
MD
LG