Ссылки доступа

Қозоғистоннинг Жанаозенида фуқаролар ҳукуматдан ишга жойлаштиришни талаб қилмоқда


Жанаозенда шаҳар расмийларидан ўзларини ишга жойлаштиришни талаб қилаётган аҳоли 11 март куни маҳалий вақт билан соат 11 дан бошлаб ҳокимият биноси олдида тўплана бошлади. Орадан бир неча соат ўтиб ҳокимият биноси олдида тўпланганлар бир неча юз кишини ташкил қилди.

Аҳоли ўзларининг олдига шаҳар ҳокими Адильбек Дауилбаевнинг чиқишини талаб қилдилар. Норозилик иштирокчилари Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев номига навбатдаги мурожаатномани ёзишди ваўз талабларини Остонага етказиш ниятида эканликларини айтишди.

Тўпланганлар олдига чиққан ҳоким ўринбосари Саним Танаева «ҳоким йўқлигини ва ичкарида мажлис бўлиб ўтаётганини» маълум қилди. У қўшимча қилиб, одамлар биттама-битта қабул қилинишини айтди. Бироқ, аҳоли вестибюлдаги турникет ва металл тўсиқларни четлаб ўтиб бинога кира бошлади. Ҳодисани ёритаётган «Озодлик» мухбири Сания Тойкеннинг бинога киришига ҳоким ўринбосари Саним Танаева рухсат бермади. Ҳокимият биноси ва ичкарида полиция ходимлари бор.

Жанаозен шаҳри бандлик ва ижтимоий дастурлар бўлими раҳбари Ажархан Турақованинг сўзларига қараганда, айни дамда янги ташкил этилган корхона учун одамлар танланмоқда, яқин ораларда янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.

Тўпланганлар бундан аввал «Озодлик» мухбирига ўз касблари бўйича - нефт соҳасига ишга жойлаштиришларини талаб қилишаётганини айтишган эди. Аҳолининг сўзларига қараганда, «350 ўринлик» янги ташкил қилинган корхонага эндиликда ҳеч кимни ишга қабул қилишмаяпти – гўёки жойлар тўлиб бўлибди. Шунингдек, уларнинг таъкидлашларича, кўпчилик бурғуловчи, машинист, оператор, механик ва бошқа касб эгалари бўлишларига қарамай уларга оддий ишчи сифатида иш таклиф қилишмоқда экан.

Ойлик маош 150–200 минг тенге (400 долларга яқин) бўлган иш топиб бериш мақсадида Жанаозен аҳолиси феврал ойи бошларидан бери шаҳар расмийларига талаб қўйиб келмоқда. Аҳолиси 130 мингдан ортиқ (расмий маълумотларга кўра) бўлган Жанаозен моношаҳри «меҳнаткашларнинг ортиқчалиги» билан ажралиб туради. Мангистау вилоятидаги мазкур шаҳарда 2011 йилнинг 16 декабр куни фожиали ҳодиса юз берган эди: ойлик маошлари кўтарилиши ва меҳнат шароитлари яхшиланишини талаб қилиб бир неча ой давомида норозилик қилиб келаётган нефтчиларга қарата полиция ўқ отган эди. Жанаозен ҳодисаларида, расмий маълумотларга кўра, 17 киши ҳалок бўлган эди.

XS
SM
MD
LG