Ссылки доступа

Хўжандда колониядаги исённинг эҳтимолий иштирокчилари устидан суд бошланди


Қаттиқ режимли №3/3 колонияда юз берган исённинг эҳтимолий иштирокчилари устидан душанба куни Хўжанд шаҳридаги 2-сонли тергов изоляторида суд бошланди. Судланувчилар ўриндиғида колонияда жазо муддатини ўтаётган 30 дан ортиқ маҳбус ўтирибди.

Ўтган йилнинг 8 ноябрига ўтар кечаси жазони ижро этиш муассасида юз берган тартибсизликлар оқибатида, расмий маълумотларга қараганда, 21 нафар маҳбус ҳалок бўлди. Исён вақтида қамоқхонанинг икки ходими ўлдирилди, беш нафар қўриқчи оғир жароҳат олди.

Тожикистон Олий суди ва ТР Бош прокуратурасида 11 март куни жиноий иш «махфий» грифида бўлгани туфайли суд жараёни ёпиқ эшиклар ортида ўтишини тасдиқлашди.

«Озодлик» радиосининг Хўжанддаги мухбирининг хабар қилишича, №2 СИЗО колониядан бир неча юз метр узоқликда жойлашган. Эрталаб тергов изолятори олдида анча одам тўпланди. Бироқ, айбланувчиларнинг қариндошларидан бирортасини ҳам суд залига киритишмади.

Катта миқдордаги маблағларни ўзлаштирганликда айбланиб жазо муддатини ўтаётган айбланувчилардан бирининг онаси суд жараёнидан жиддий ташвишланаётганини айтди. «Биз фарзандларимизга қандай айб қўйилаётганини билишимиз керак. Терговда айбланувчиларнинг айбини исботловчи етарлича далиллар борми? Фарзандларимизнинг ҳуқуқларига риоя этиладими? Биз суд адолатли бўлишига ишонч ҳосил қилишимиз керак. Аммо нима учундир бизларни СИЗО ҳудудига киритишмади», - дейди ўз исмини ошкор қилишни истамаган кекса аёл.

Хўжанддаги қаттиқ режимли №3/3 колониясида юз берган исённинг 30дан ортиқ эҳтимолий иштирокчиларига нисбатан очилган жиноий иш ўтган ойда Тожикистон Олий судига юборилган эди. Хабарларга қараганда, улар қотиллик, оғир тан жароҳати етказиш, ҳукумат вакилларига қаршилик кўрсатиш ва жазони ижро этиш муассаси режимини бузганликда айбланмоқда. Уларнинг ҳаммасига, жумладан, ТР Жиноят кодексининг 332 моддаси –«Озодликдан маҳрум қилиш жойидаги фаолиятни издан чиқаришга бўлган уриниш» бўйича айб қўйилган, дея хабар беради манба.

Хўжанд колониясида юз берган исённи бостиришда ўлдирилган ва жароҳат олганларнинг аниқ сони ҳамон номаълумлигича қолмоқда. Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин 22 ноябр куни Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида мамлакат шимолидаги колонияда юз берган исённи бостиришда фақат террорчи ва ўта ҳавфли жиноятчилар ўлдирилганини маълум қилган эди. Бошқа манбаларнинг хабар қилишича, Хўжанддаги қаттиқ режимли колонияда юз берган исённи бостиришда камида 53 киши ҳалок бўлган ва 186 киши жароҳат олган.

Жазони ижро этиш муассасида юз берган тартибсизликлар муносабати билан колониянинг 7 нафар ходими ҳибсга олинган эди – улар орасида қамоқхона бошлиғи Файзулло Сафарзода ва режим бўлими бошлиғи Фарҳод Садиров ҳам бор.

Хўжанд колониясидаги исён учун маъсулиятни «Ислом Давлати» (ИД) террор гуруҳи ўз зиммасига олди.

XS
SM
MD
LG