Ссылки доступа

Қозоғистон бюджетига кўп болали оилаларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида миллиардлаб тенге ажратилади


Кам таъминланган кўпболали оилалар учун ижара уйи қурилиши ва имтиёзли кредит тақдим қилиш мақсадида ҳукумат 100 миллиард тенге ($263,8 миллион) йўналтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 12 март куни Остонада бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Алихан Смаилов маълум қилди.

Смаилов ҳукумат аъзоларига 2019 йилга мўлжалланган республика бюджети лойиҳасини тақдим қилди. Смаиловнинг сўзларига қараганда, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев феврал ойи сўнгида бўлиб ўтган«Нур Отан» партияси съездида белгилаб берган ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида 444,3 миллиард тенге ($1 млрд.дан зиёд) йўналтирилади.

Смаиловнинг айтишича, шундан 100 миллиард тенгеси кам таъминланган кўп болали оилалар учун ижара турар-жой биноси қуришга ва Жилстройсбербанк орқали имтиёзли кредит беришга ажратилади, 224,3 миллиард тенге эса айрим тоифадаги фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга йўналтирилади. Вазирнинг сўзларига қараганда, 90 миллиард тенге ($237 млн) минтақа инфратузилмаларини ривожлантиришга, яна 30 миллиард тенге ($79 млн) эса қишлоқни қўллаб-қувватловчи «Ауыл — Ел бесiгi» лойиҳасининг ҳаётга татбиқ этишга ажратилади.

Ҳукумат манзилли ижтимоий ёрдам доирасида болалар учун нафақалар миқдорини ошириш, оналарнинг ижтимоий кўмакни кучайтириш талаби билан ўтказаётган оммавий чиқишлари фонида кам таъминланган оилалар учун уйлар қуришни ваъда қилди. Қозоғистон шаҳарларида оналарнинг чиқиш қилишларига Остонадаги бошпаналардан бирида юз берган ёнғин оқибатида бир оиланинг беш нафар қизлари ҳалок бўлиши сабаб бўлди. Хабарларга кўра, вафот этган қизларнинг ота-оналари тунги сменага ишлаш учун кетишган эди. Кўпболали оналарнинг оммавий чиқишлари фонида президент Нурсултон Назарбоев «аҳоли билан ишлай олмагани» ва Қозоғистон иқисодиётини сифат жиҳатдан ривожлантира олмагани учун ҳукуматни истеъфога чиқарди.

Айни пайтда намойиш иштирокчиларидан бирига полиция томонидан босим ўтказилгани борасида камида битта ариза келиб тушгани айтилмоқда. Аммо расмийлар босимлар тўғрисидаги хабарни инкор қилади.

XS
SM
MD
LG