Ссылки доступа

Тожикистон аҳолиси интернет нархи оширилишига қарши чиқмоқда


Тожикистонлик Фейсбук ижтимоий тармоғининг фойдаланувчилари 27 мартга белгиланган интернет нархининг оширилишига қарши акция ўтказмоқда. Улар #мен қарши хештеги билан “Мен интернет нархининг оширилишига қаршиман!”_флешмобини ишга туширишди.

Тожикистон монополияга қарши кураш хизмати мамлакатда интернет хизматлари нархини 60 фоизга ошириш юзасидан топшириқ берди. Мамлакатда бир мегабайт трафик камида 5 дирам, бир гигабайт эса – 50 сомони ($6), ҚҚС -18% ва акциз - 5% ҳисобга олинган ҳолда камида 63 сомони бўлиши кўзда тутилмоқда. Айни дамда 1 Гб ўртача 30–35 сомонини ($3-$3,6) ташкил қилади. Аксилмонополия хизматининг "Электрик алоқа тарифлари тўғрисида"ги буйруғи 27 мартдан бошлаб кучга киради.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳукумат ўзларнинг овозиларни тинглашини ва қабул қилинган қарорини ўзгартиришига умид қилишмоқда. Норозилик сифатида Алишер Алихонов бир неча кун аввал ўзининг аватаркасини (ижтимоий тармоқда фойдаланувчининг тасвирини акс эттирувчи картинка) «Мен қаршиман! Биз қаршимиз! Халқ қарши!» деган ёзувларига ўзгартирди.

Флешмоб билан бир қаторда интернет фойдаланувчилари президент Эмомали Раҳмонга ёзилган мурожаатга имзо тўплай бошлади. Интернетнинг фаол фойдаланувчиларидан бири Алишер Шахидининг айтишича, Change.org даги мурожаатномага 150 киши имзо чеккан. Тўғри, унинг айтишича, сўнгги кунларда бу сайтга кириб бўлмаяпти.

«Мамлакатда яқин уч йил қишлоқ ва туризмни ривожлантириш йили дея эълон қилинди. Менинг бир нечта мини-отелим бор, мен турли маамлакатлардан туристларни таклиф қилмоқчиман. Аммо интернетга тўловларнинг қимматлиги сабабли мен ўз вақтида ва зудлик билан саҳифамни янгилай олмайман ва мижозларнинг саволларига жавоб қайтара олмайман», -дейди суҳбатдош.

Ҳисоб китобларга қараганда, Тожикистонда Интернетдан ўртача аҳолининг 15 фоизидан 40 фоизигачаси фойдаланади. Расмий маълумотларга қараганда, ҳар 100 кишига 30 нафар Интернет фойдаланувчиси тўғри келади. Тожикистон Алоқа хизмати тарқатган баёнотга қараганда, мамлакатда 3 миллионга яқин Тармоқ фойдаланувчиси бор.

Шу билан бирга, Аксилмонополия хизмати ходимларидан бири идора Фейсбукдаги флешмобдан хабари борлигини айтди. Унинг айтишича, яқин кунларда Аксилмонополия хизмати раҳбарияти интернет-провайдерлар билан учрашади. Бу учрашувда интернетнинг нархи борасида якуний қарор қабул қилинади.

XS
SM
MD
LG