Ссылки доступа

Можаро юз берган тожик-қирғиз чегарасида вазият барқарор ва назоратга олинган


Тожикистон МХДҚ чегара қўшинлари бош бошқармаси тожик-қирғиз чегарасида юз берган можаро юзасидан расмий баёнот билан чиқди.

Унда таъкидланишича, 13 март куни Исфара шаҳридаги Ворух жамоати ҳудудида Қирғизистон томонидан Кокташ-Оқсой-Тамдик йўл қурилиши бошланган. Қирғиз томонининг бу ҳаракати Исфара шаҳар Ворух жамоати аҳолиси томонидан норозилик билан кутиб олинган. Бунга жавобан қирғиз томони мазкур жамоат аҳолисига қарата ўқ узган. Тожик чегара идорасининг хабар қилишича, Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Исфара-Ворух йўлини беркитиб қўйган, шу тариқа Тожикистон фуқароларига тегишли автотранспорт ҳаракати тўхтаб қолган.

«Бундан ташқари, қирғиз чегарачилари «Оқсой» чегара отряди ҳудудида “Газель” русумидаги иккита автомашинада бўлган 30га яқин Тожикистон фуқароларини гаровда ушлаб турган. Ворух жамоатига Баткен вилоят Оқсой жамоати раисининг ўринбосари Эркин Жалчиев бошчилигида Қирғизистоннинг 50-60га яқин фуқароси келган ва Ворух аҳолисини тошбўрон қилган, бунинг оқибатида 11 нафар Тожикистон фуқароси турли даражада тан жароҳати олди ва шифохонага ётқизилди», - дейилади баёнотда.

Хабарларга кўра, Чоркух жамоатига қарашли Хўжа Аъло қишлоғи ҳудудида ҚР фуқаролари томонидан ов милтиғи ишлатилган, бунинг оқибатида 43 ёшли Тожикистон фуқароси Чоркух жамоати Сомониён участкасида истиқомат қилувчи Ҳусейн Ҳакимов юрагидан жароҳат олди ва кейинроқ шифохонада вафот этди. Бундан ташқари Қирғизистон фуқаролари Чоркух жамоатидаги Сомониён участкасидаги омбор ва тегирмонга ўт қўйди.

Тожикистон чегара хизматининг таъкидлашича, ҳодиса Баткен вилояти Оқсой қишлоқ кенгаши раиси Қирғизистон фуқароси Роза Усарова томонидан уюштирилган, у Хўжа Аъло қишлоғидаги ер участкасини эгаллаб олмоқчи бўлган эди. «Сўнгги ҳодисалар Роза Усарова тожик-қирғиз муносабатлари кескинлашувининг сабабчиси,тожик ва қирғиз халқлари ўртасида миллатлараро низо уруғини сепувчи эканлигини англатади», - дея таъкидланади тожик чегара муассаси баёнотида.

Душанбенинг таъкидлашича, айни дамда Ворух-Оқсой участкасида вазият барқарор ва икки мамлакат чегарачиларининг назоратида турибди.

Шу билан бирга, Қирғизистон парламентининг депутатлари журналистлар иштирокисиз бугун чегарадаги можаро ҳақида маълумотни тингладилар. Вазирлар маҳкамасининг парламентдаги вакили Алмасбек Абитов мажлисда ҳукумат муҳокамалар ёпиқ режимда бўлиб ўтишини таклиф қилишини билдирди, чунки бу масала хавфсизлик билан боғлиқ экан. Депутат Таабалди Тиллаевнинг баёнотига қараганда, маҳфий маълумотларни бериш керак эмас, аммо аҳолига вазият ҳақида маълумот бериш керак. «Халқ ташвишга тушган. Ортиқча гапларни айтиш керак эмас», -дейди депутат.

Қирғизистон Давлат чегара хизматининг хабар қилишича, соат 10 даги ҳолатга кўра Таш-Тумшук деган жойда битта уй, Аudi русумидаги автомашина ва Қирғизистон фуқаросига тегишли “КамАЗ”прицепи ёндирилган. Ёнғинни ўчиришга Тожикистон фуқароларидан иборат гуруҳ Торт-Кочога қўйилмади. 13 март куни можаро вақтида тожик фуқаролари Баткен вилоятининг Ортобоз қишлоғидаги маҳаллий аҳолига тегишли омборга ўт қўйди. Бу ерда ҳам Қирғизистоннинг бир фуқароси жароҳат олди ва Баткен туманидаги Самаркандек қишлоғидаги шифохонага олиб борилди.

XS
SM
MD
LG