Ссылки доступа

Манбалар: Қодировни тергов қилган прокурор ҳам қамоққа олинди


Жорий йилнинг 8 март куни Наманган вилоятининг собиқ прокурори Улуғбек Тошев юқори лавозимдаги амалдорга катта миқдорда пора бераëтган пайтда ДХХ ходимлари тарафидан ушланди.

Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот тизимида ишловчи мулозим исми сир қолиш шарти билан маълум қилди. Айни маълумотни мазкур жараëнга билвосита алоқадор адвокат ҳам тасдиқлади. Адвокатга кўра¸ Тошев 50 минг АҚШ долларидаги порани бераëтган пайтда қўлга олиниб¸ унга нисбатган қамоқ эҳтиëт чораси белгиланган. Адвокатга кўра¸ Тошевнинг пора бериш уриниши видеотасвирга олинган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг билдиришича¸ Тошев жорий йилнинг 4 март куни “қонунийлик, ҳуқуқбузарликлар эрта профилактикасини таъминлаш, кадрлар тарбиясида йўл қўйган камчиликлари учун” лавозимидан бўшатилиб¸ прокуратура тизимидан четлатилган.

14 март куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Улуғбек Тошевнинг ҳибсга олингани ҳақида “маълумот йўқлигини” билдирди.

Улуғбек Тошев 2016 йилнинг апрель ойида собиқ бош прокурор Рашитжон Қодировнинг “одами” деган тамға билан Тошкент шаҳар Яккасарой туман прокурори лавозимидан четлатилган эди. Улуғбек Тошев шундан кейин бир муддат Янгийўл туман прокурори лавозимида ишлади. 2015 йилгача эса Тошев Самарқанд вилоят прокурори ўринбосари вазифасида фаолият кўрсатган.

Улуғбек Тошев, тизимга алоқадор мулозимларнинг айтишича¸ 2017 йили қисқа муддат собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров устидан очилган жиноят ишини олиб борган тергов гуруҳини бошқарган.

Журналист Сергей Ежковнинг ëзишича¸ “мана шу тергов пайтида эришган самараси ортидан Тошев Наманган вилоятига прокурор қилиб тайинланган.”

Айтилишича¸ Тошев раҳбарлигидаги тергов гуруҳи собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров иши бўйича асосан прокуратура тизимининг 21 амалдорининг қамоққа олинишини ташкил қилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 11 март куни прокуратура органлари тизимида хизмат қилувчи ходимларнинг пора олиш-беришини қораловчи билдириш эълон қилди.

Бу билдиришда 2018 йили прокуратура ходимларига пора бериш бўйича 98 та ҳолат қайд этилгани айтилади.

XS
SM
MD
LG