Ссылки доступа

Тожик-қирғиз чегарасида юз берган ҳодиса сабабларини аниқлаш мақсадида давлатлараро комиссия тузилади


14 март куни Қирғизистон ва Тожикистон президентлари Сооронбай Жээнбеков ва Эмомали Раҳмон ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди. ҚР раҳбари матбуот хизмати тарқатган хабарга қараганда, президентлар қирғиз-тожик чегарасида юзага келган вазиятни муҳокама қилдилар.

Жээнбеков ва Раҳмон ҳаққоний тергов олиб бориш ва келажакда шу каби вазиятлар юзага келмаслиги учун қўшма комиссия тузиш зарурлигини, шунингдек давлат чегаралари делимитация жараёнлари якунланишига қаратилган музокаралар фаоллашиши кераклигини таъкидладилар.

Президентларнинг фикрича, асрлар давомида яхши қўшничилик муносабатларига эга бўлиб келган икки мамлакат халқлари фақат тинчлик ва дўстликда яшашлари керак, дейилади хабарда.

Ҳодиса жойида ҚР бош вазирининг ўринбосари Жениш Разақов ва Тожикистон бош вазирининг ўринбосари Иброҳим Азим вазиятни барқарорлаштириш юзасидан икки мамлакат давлат идораларининг фаолиятини мувоффиқлаштириб туришибди.

Шу билан бирга Тожикистон билан чегарадаги вазият кескинлашгани айтилмоқда. Озодлик радиосининг тожик хизмати - Озоди радиосининг хабар қилишича, қирғиз-тожик чегарасида Тожикистоннинг яна бир фуқароси ўлдирилган. Манбага таянган ҳолда тарқатилган хабарга кўра, Хўжаи Аъло қишлоғида истиқомат қилувчи Рафоуддин Тешаев қурбон бўлди.

Мухбирга унинг ўлимини Ворухдаги шифохона бош шифокори Карима Ҳакимова тасдиқлади. Шифокорнинг айтишича, Тешаев ҳодиса жойида вафот этган. Ўқ унинг кўкрагига бориб теккан. Ворух шифохонасига тошбўрон оқибатида жароҳат олган Тожикистоннинг яна икки фуқароси олиб келинган.

Бундан аввалроқ, Тожикистон МХДҚ чегара қўшинлари бош бошқармаси тошбўронлар туфайли ТРнинг 11 нафар фуқароси жароҳат олгани ҳақида маълум қилган эди. Улар турли жароҳатлар билан шифохонага олиб келинди. Бундан ташқари, бир киши- Хўжаи Аъло қишлоғида яшовчи 43 ёшли эркакнинг ўқ отар қуролдан жароҳат олгани туфайли вафот этгани айтилмоқда.

Шу билан бирга, Қирғизистон ўзининг фуқароси жароҳат олганини тасдиқлади . 14 март куни можаро кескинлашган бир вақтда у ўқдан жароҳат олди ва шифохонага олиб борилди.

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги можаро 13 март куни бошланди. Ҳар икки томондан жабрланганлар бор. Қирғизистон давлат чегара хизмати версиясига кўра, низони Тожикистоннинг Меҳнатобод қишлоғи аҳолиси бошлаган, улар чегара яқинида қирғиз томонидан Оқсой-Тамдиқ айланма йўли қурилишига қарши чиқишди.

Тожикистон чегара муассасаси баёнот бериб, можарони ер участкасини эгаллаб олишни мақсад қилган Қирғизистон фуқароси келтириб чиқарганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG