Ссылки доступа

Европарламент Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига бағишланган резолюция қабул қилди


Европарламент 14 март куни Брюсселда бўлиб ўтган ялпи мажлисда Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари вазиятига оид резолюция қабул қилди.

Ҳужжатда мамлакат ҳукуматига «ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга амал қилиш ва инсон ҳуқуқлари ва асосий фуқаро эркинликларини ҳурмат қилишга», шунингдек, «сиёсий қатағонларнинг барча шаклларига барҳам бериш» чақириқлари билдирилган.

Ҳужжатда қонун бузилишлари сифатида Жиноят кодексининг «нафрат уйғотиш» ва «атайлаб ёлғон маълумот тарқатиш»га оид 174 ва 274 моддаларининг нотўғри ифодаланиши мисол сифатида келтирилган. Бу моддалардан ҳукумат «фуқаро фаоллари ва журналистларни таъқиб қилиш», нохҳукумат ташкилотлари фаолиятига оид қонунларни кескинлаштириш, виждон ва мажлислар эркинлиги ҳуқуқларига путур етказиш, шунингдек, Қозоғистонда экстремистик дея эълон қилинган «Қозоғистон демократик даъвати» ҳаракатини «қўллаб-қувватлаган 500дан ортиқ шахсни» таъқиб қилишда, бу ҳаракат фаолиятини тақиқлашда фойдаланмоқда.

Европарламент резолюциясида касаба уюшмалари фаоллари Нурбек Қушакбаев, Амина Елеусинова, Лариса Харькова, шунингдек Абловас Джумаев, Асет Абишев, Елена Семенова Ардак Ашим, Искадер Еримбетов ва бошқаларга нисбатан очилган ишлар тилга олинган.

Резолюцияда таъкидланишича, Қозоғистонда сиёсий маҳбуслар сони ортиб бормоқда, "маҳбуслар ва гумондорларга нисбатан қўлланилган қийноқлар учун жазо бермаслик оддий ҳолга айланган", хотин-қизларга нисбатан зўравонликлар юқори даражада қолмоқда, ЛГБТ вакиллари эса камситишнинг юқори даражаси билан тўқнаш келиши билан боғлиқ ҳолат давом этмоқда.

Резолюцияда Қозоғистон ҳукуматига 17 та тавсия, жумладан сиёсий маҳбусларни озод қилиш, мустақил касаба уюшмаларига босимларни тўхтатиш, омавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ва жиноят кодексига киритилган ўзгартишларни қайта кўриб чиқиш юзасидан тавсиялар берилган.

Резолюция матнида таъкидланишича, Қозоғистон "ҳуқуқ ҳимоячилари, фуқаролик жамияти ташкилотлари ва мухолифатдаги сиёсий ҳаракатлар фаолларини ўзбошимчалик билан ушлаб туришларнинг барча шаклларини, қатоғон ва таъқибларни» тўхтатиши керак.

Европарламент ЕИ дипломатик хизматларига мурожаат қилиб, суд жараёнларида фуқароларнинг ҳуқуқларни таъминлаш мақсадида «сиёсий жиҳатдан сезгир суд ишлари ва сиёсий сабабларга асосланган ишларни кузатиш учун кузатув миссияларида фаол қатнашишга» чақирди.

XS
SM
MD
LG