Ссылки доступа

Новосибирскда террорчига 2 доллар берган ўзбекистонлик 10 йилга қамалди


Наручники

Новосибирскда террорчиликни молиялаштиришда ва “Ислом давлати” гуруҳи сафларига одам ёллашда айбланиб судланаётган ўзбекистонлик Абдувоҳид Мирзабоевга нисбатан суд жараёни якунланди.

«Коммерсантъ» нашрининг 14 март куни билдиришича, суд ҳукми билан у ўн йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Мирзабоев судда жангарилардан бирига 2 доллар миқдорида пул жўнатганини тан олди, лекин “Ислом давлати” учун одам ёллагани тўғрисдаги айбловларни инкор қилди.

Тергов ҳужжатларига ишонилса, Абдувоҳид Мирзабоев 2018 йилнинг баҳорида Telegram орқали “Жамоат ул Таҳвид вал Жиҳод” катибаси сафида жанг қилаётган Муҳаммад исмли ўзбекистонлик билан ёзишган. У Муҳаммад жўнатган Qiwi-кармонга терминал орқали 133 рубль 84 копейка пул ўтказган.

Россия терговчилари бу фақат синов тўлови бўлганини, Мирзабоевга яна икки террорчи Telegram орқали минг доллар пул ўтказиш илтимоси билан мурожаат қилганини иддао этмоқдалар.

Терговчиларга кўра, Мирзабоев 2018 йилнинг ёзида ўзи ҳам Сурияга кетмоқчи бўлган, бироқ Федерал хавфсизлик хизмати уни қўлга олган.

XS
SM
MD
LG