Ссылки доступа

Таниқли ëзувчи Ҳамид Исмоил ўзини Ўзбекистонга киритмаган расмийлардан узр талаб қилди


2019 йилги Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг нуфузли адабий мукофоти ғолиби бўлган ”Жинлар базми” романи муаллифи¸ таниқли ëзувчи Ҳамид Исмоил Ўзбекистон ахборот агентлиги саволларига жавоб беришни истамади.

Ëзувчи агентлик мухбирига ëзган хатида “Мени Ўзбекистондан чиқариб юборган мулозимлар расман узр сўрамагунича¸ улар ўзиники қилиб олган ерни елкамни чуқури кўрсин”¸ дея билдирган.

2017 йилнинг март ойида Би-Би-Си Марказий осиë хизмати мухбирлари ва Британия дипломатларидан таркиб топган делегация таркибида Ўзбекистонга келган Ҳамид Исмоил Тошкент аэропортида тўхтатилиб¸ Лондонга қайтариб юборилган эди.

Делегация таркибини тасдиқлаб расман таклифнома берган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўшанда нега Ҳамид Исмоил Ўзбекистонга киритилмагани борасида изоҳ бермаган эди.

”Жинлар базми” романига 2019 йилги Европа тикланиш ва тараққиёт банки адабий мукофоти берилиши юзасидан Лондонда ўтказилган тадбирга Ўзбекистоннинг Британиядаги элчиси расман таклиф қилинган бўлса ҳам¸ Тошкент дипломатлари бу тадбирда қатнашмади.

Таниқли журналист ва ёзувчи Ҳамид Исмоил давлат комиссияси ўзи суратга олишда иштирок этган ҳужжатли фильмни «маънавият тенденцияларига мос келмайди» деб топганидан сўнг¸ 1992 йилда Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган эди. У бундан буён Лондонда яшаб ва ишлаб келмоқда.

1992 йили Ҳамид Исмоил Би-Би-Си телевизион гуруҳи билан Ўзбекистон ҳақида фильм олиш устида ишлагани ортидан унга қарши жиноят иши қўзғатилган ва ëзувчининг ҳукуматни ағдариш уринишига алоқадорлиги ҳақида баёнот берилган эди.

XS
SM
MD
LG