Ссылки доступа

Қирғизистонда сиёсатчи Талгарбеков Атамбаевга қарши 243 минг АҚШ долларилик даъво аризаси бермоқчи


Қирғизистонлик сиёсатчи Бекболат Талгарбеков собиқ президент Алмазбек Атамбаевга қарши даъво билан судга мурожаат этиш учун ҳужжатларни тайёрламоқда. Бу ҳақда унинг ўзи Озодликка маълум қилган.

“Қачонлардир бизни ушлаб, давлат тўнтаришига тайёргарликда айблашганди. Бу жиддий айблов ҳисобланади. Бунинг эвазига қамоқда қарийб уч йил ўтириб чиқдим. Мен қачон бу сўзларни айтганимни энди судда исботлаб берсин. Мени 17 йилга қамашмоқчи эди, шундай экан мен маънавий зарарни қоплаш учун 17 миллион сом компенсация талаб қиламан. Ҳужжатларни аллақачон йиғиб қўйганман, эртага адвокат билан учрашаман ”, - дея айтиб ўтган Талгарбеков.

У шартли равишда муддатидан олдин 7 март куни озод этилганди. У 295-модда(ҳокимиятни эгаллаш ва сақлаб туриш) бўйича оқланган, аммо 299-модда(ҳудудлараро қарама-қаршиликни қўзғаш) бўйича 5 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Шундан 4,5 йилини ўтириб чиққан. Амнистия қўлланиши унга белгиланган муддатдан ярим йил олдин озодликка чиқиш имконини берди.

“Халқ парламенти” вакиллари бўлган Бекболат Талгарбеков, Торобай Колубаев ва Марат Султанов 2016 йил 12 май куни ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўришда гумон қилиниб қўлга олинганди.
Бундан олдин улар ўша пайтдаги президент Алмазбек Атамбаевдан истеъфога чиқишини талаб қилишган. Туман ва шаҳар судлари Талгарбековни кўрсатиб ўтилган моддалар бўйича айбдор деб топиб, 14 йил озодликдан маҳрум қилган, бироқ 2019 йилнинг февраль ойида юқори турувчи инстанция моддалардан бирини айбловдан олиб ташлаганди.

XS
SM
MD
LG