Ссылки доступа

Туркманистон почтаси Россияга жўнатмалар қабул қилишни тўхтатди


Озодликнинг Ашхободдаги мухбирларининг хабар беришларича, 27 мартдан бошлаб пойтахт почта бўлинмалари Россияга юбориладиган жўнатмаларни қабул қилишни вақтинчалик тўхтатган.

“Туркманпочта” бош маъмурий қароргоҳи ҳам Туркманистондан Россияга жўнатмалар юборилиши тўхтатилганини тасдиқлади. Телефон орқали жавоб берган ходим бундай ушлаб қолиш “бир ой” давом этиши кўзда тутилаётганини хабар қилар экан, унинг сабабини тушунтирмаган.

Россия томони ахборотига кўра, Туркманистон томонидан фақат EMSнинг экспресс-жўнатмаларини қабул қилиш тўхтатилган. Бунинг сабаби туркман томони қарздорлигидир. “Албатта, Россия Почтаси томонидан ушбу масалани ҳал этиш бўйича бир қатор уринишлардан сўнг EMS Кооперативи доирасидаги операторлараро ҳисоб-китобларда туркман томонининг қарздорлиги муносабати билан Туркманистондан EMS экспресс-жўнатмаларини қабул қилиш тўхтатилди. Эксперсс-жўнатмаларни қабул қилиш қарздорлик узилгандан сўнг қайта тикланади”, - дея хабар берган “Россия Почтаси” матбуот хизмати Озодлик Радиосига.

“Россия Почтаси” матбуот хизмати вакили Екатерина Крудованинг сўзларига кўра, Жаҳон почта алоқаси доирасидаги почта жўнатмалари(майда пакетлар, хатлар ва посилкалар)ни юбориш одатий режимда давом этмоқда.

Озодликнинг Туркманистондаги манбаси ҳам Туркманистондан Россияга жўнатмаларнинг тўхтатилиши сабаби қарздорлик эканлигини билдирган.
Туркманистон почта бўлинмалари мижозларга Россияга жўнатмалар нега қабул қилинмаётганини тушунтирмаяпти, айрим пайтларда почта харажатларига кетган харажатлар қоплаб берилмаяпти.

Туркманистонда почта хизматлари “Туркманпочта”давлат почта алоқаси бўлинмалари ва EMS халқаро экспресс почта хизмати томонидан кўрсатиб келинади.

XS
SM
MD
LG