Ссылки доступа

Оқўрда сайтида Тўқаевнинг таржимаи ҳоли чоп этилди, оилавий мақоми – «ажрашган»


Қозоғистон президенти маъмурияти сайтида ўтган ҳафта мамлакат президенти вазифасини ижро этишга киришган Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг таржимаи ҳоли чоп этилган. Таржимаи ҳолда айтилишича, Тўқаевнинг никоҳи бекор бўлган, ажралиш санаси келтирилмаган.

14 хатбошидан иборат матнда Тўқаев фаолиятининг босқичлари санаб ўтилади ва унинг оилавий мақоми тўғрисидаги маълумот келтирилади.

«Соғлом турмуш тарзи тарафдори. Бадиий, сиёсий ва эсдалик адабиётлар ўқишни ёқтиради. Ажралишган», – дейилади биографияда. Унинг Тимур Тўқаев исмли ўғли бор. Собиқ турмуш ўртоғи ва ажралиш санаси таржимаи ҳолда келтирилмаган.

Қозоғистон президентининг матбуот хизматидан ахборот олишнинг имкони бўлмаган. Тўқаев президент лавозимига киришиш чоғида кўплаб ОАВ Тўқаевнинг расмий таржимаи ҳолига кўра, у уйланган ва фарзанди борлигини хабар қилишганди. Ижтимоий тармоқларда келтирилган маълумотларда Тўқаевнинг эҳтимолий турмуш ўртоғи “Россия фуқароси Надежда Давидовна Тўқаева” экани кўрсатилган.

65 ёшли Тўқаев Қозоғистоннинг собиқ бош вазири ва ташқи ишлар вазири бўлиб, олий таълимни Москвада олган, деярли 30 йил мамлакатни бошқарган Нурсултон Назарбоев президентлик ваколатларини топширгандан кейин президент лавозимини ижро этишга 20 март куни киришган эди.

XS
SM
MD
LG