Ссылки доступа

Тожикистон судлари вояга етмаган 2,5 минг нафар қизнинг турмушга чиқишига рухсат берди


Ўтган йили Тожикистон судлари 2,5 минг нафар вояга етмаган қизлар билан никоҳ тузилишига рухсат берди.

Кўриниб турибдики, ҳар куни ўртача 6-7 нафар 18 ёшга етмаган қиз турмушга чиқмоқда. Бу маълумотларни ўтган ҳафтада Омбудсмен идораси Тожикистон Олий суди статистикасига асосланган ҳолда эълон қилди.

Мамлакат қонунларига кўра, никоҳ ёши 18 ёш дея белгиланган. Бироқ, истисно тариқасида, масалан эрта ҳомиладорлик ёки ота-оналарнинг оғир касаллиги туфайли суд қарори билан 17 ёшда никоҳдан ўтишга рухсат берилади.

Душанбеда яшовчи Зебо 16 ёшда эрга теккан. Тенгдошлари мактабнинг 10 синфида ўқиётганларида, Зебо ҳомиладор бўлиб, фарзанд кўришга тайёргарлик кўраётган эди. «Мен хўжалик ишларига улгурардим, аммо оналик ва оила учун ёш эдим», - дейди Зебо.

Ҳозир Зебо 25 ёшда, унинг икки нафар ўғли бор. У олий маълумот ололмаганидан афсусланади, у яхши маош берадиган иш билан машғул эмас ва меҳнат миграциясида бўлган эрига қарам бўлиб қолган.

Тожикистонда 2010 йили республика Оила кодексига қўшимча киритилди, унга кўра, қизлар учун никоҳ ёши 17 ёшдан 18 ёшга узайтирилди. Бироқ эрта ва мажбурий никоҳ ҳамон тожик жамиятида муаммолигича қолмоқда, сўнги вақтларда эса совчилар 17 ёшдан катта бўлмаган қизларни қидиришмоқда.

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган тожик судьяси Радио Озоди(“Озодлик” радиосининг тожик хизмати)га айрим ота-оналар қонунда белгилаб қўйилган ҳуқуқларни суистеъмол қилаётганликларини маълум қилди.

«Шундай ҳолатлар бўладики, қизлар 9 синфдан кейин мактабга юборилмайди ҳамда уларни турмушга беришга тайёргарлик кўришади, судга мурожаат қилишиб никоҳ ёшини қисқартишни илтимос қиладилар. Улар молиявий жиҳатдан қийин аҳволга тушиб қолишганликларини ёки қизларини назорат қила олмаётганликларини баҳона қилишади», - дейди судья.

Мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, ўтган йили вояга етмаган қизлар билан ноқонуний никоҳдан ўтиш билан боғлиқ 29 та факт фош қилинган.

XS
SM
MD
LG