Ссылки доступа

Нур-Султонда журналист Светлана Глушкова иши бўйича суд 2 апрелгача қолдирилди


Қозоғистон пойтахтида ҳуқуқ ҳимоячилари ва кенг жамоатчилик ҳукумат томонидан журналистнинг ишига тўсқинлик қилиш сифатида баҳоланаётган, «Настоящее Время» телеканали журналисти Светлана Глушкова иши бўйича маъмурий суд жараёни 2 апрел, сешанба кунга қадар кечиктирилди.

1 апрел кунги суд мажлисида Глушкова судьяни ишдан четлаштириш юзасидан баёнот берди, чунки судья жараённи суратга олишни тақиқлади ва жабрдийда томоннинг талаби билан ОАВ вакиллари суд залини тарк этишларини сўради. Шундан сўнг судья чиқиб кетди.

22 март куни полиция ходимлари Глушковани ушлади ва полиция идорасига олиб келди. Журналист пойтахтдаги “Шапағат” бозоридаги ҳибсга олинишларни ёритаётган эди. Ўша куни Глушкова полиция идорасида беш соатдан кўпроқ ушлаб турилди, шундан сўнг унга бирор бир айб қўйилмай ва протокол тузилмай қўйиб юборилди.

31 март, якшанба куни Глушкова яна ушланди. Журналист пойтахтдан Олмаотага учиб келиши билан, аэропортдан чиқаётганида ушланди. У полиция идорасида тўрт соатдан ортиқ вақт ушлаб турилди, сўнг унга судга келиш борасида чақирувнома топширилди.

28 март куни “Чегара билмас мухбирлар” (RSF) халқаро ташкилоти Нур-Султонда «Настоящее Время» телеканали журналисти Светлана Глушкованинг ушланишини қоралаб чиқди ва Қозоғистон ҳукуматига мурожаат қилиб, фуқароларнинг чиқишларини ёритаётган журналистларни таъқиб қилишни бас қилишга чақирди.

22 март куни Қозоғистон пойтахтида, шунингдек Олмаота ва Чимкент шаҳарларида ўнлаб одамлар ушланди, улар кўпчилиги Остонани 19 март куни муддатдан аввал истеъфога чиққан Нурсултон Назарбоев шарафига Нур-Султонга ўзгартирилишига қарши чиққан эди. 23 март куни Қозоғистон президенти сифатида фаолият бошлаган сенатнинг собиқ спикери Қасим-Жомарт Токаев Остонани Нур-Султонга ўзгартириш борасидаги фармонни имзолади.

XS
SM
MD
LG