Наманганда туғилиб, айни пайтда Россияда фаолият юритаётган Алишер Усмонов 70-ўринни эгаллади. Унинг бойлиги 16 миллиард 300 миллион долларни ташкил қилган. Рейтингда айтилишича, унинг бойлиги бир йилда 2 миллиард долларга кўпайган.
Ўтган ойдаги рейтингда Усмонов 15,5 миллиард доллар бойлик билан 68-ўринни эгаллаган эди.
1963 йилда Бухорода тўғилиб, бугунги кунда Урал тоғ-металлургия ширкатига раҳбарлик қилаётган Искандар Маҳмудов 4 миллиард 840 миллион доллар билан рейтингдаги 385-ўринда қайд этилди.
2018 йилда Bloomberg Искандар Маҳмудов 2 миллиард 400 миллион доллар пул йўқотиб, Россияда камбағаллашган 14 миллиардер орасида 2-ўринни эгаллагани ҳақида ёзганди.
Жорий йилда рейтингнинг биринчи поғонасини бойлиги 150 миллиард долларга баҳоланган Amazon ширкати асосчиси Жеф Безос эгаллади. Унинг бойлиги бир йилда 24 миллиард долларга кўпайган.
Иккинчи ўринда Microsoft асосчиси Билл Гейтс бормоқда. Унинг бойлиги 101 миллиард долларни ташкил қилмоқда. Учинчи ўринни эса Louis Vuitton Moet Hennessy ширкатлар гуруҳи раҳбари, франциялик Бернар Арно 89 миллиард доллар билан эгаллади.