Ссылки доступа

Тожикистон Солиқ қўмитаси ҳам интернет тарифлари оширилишини қўллаб-қувватлади


Тожикистон Солиқ қўмитаси ТР ҳукумати қошидаги Монополияга қарши кураш хизматининг интернет тарифларини ошириш борасидаги қарорини қўллаб-қувватлади ва тарифлар оширилишини “муқаррар” дея таърифлади.

Аксилмонополия муассасасининг фармойишига биноан, 27 мартдан бошлаб мобил операторлари интернетнинг 1 Мб учун янги нарҳ белгилаши керак - нархлар камида 5 дирам бўлиши лозим. Авваллари тожик операторлари интернетининг бир гигабайти таҳминан30-35 сомони ($3-$3,6) турган бўлса, 27 мартдан 51 сомони ($5,3)га оширилди, ҚҚС ва акциз эътиборга олинса 63 сомони ($6,7) бўлади. Мазкур фармойишга кўра, NGN бўйича суҳбатлар нархи 10 баробар –10-12 дирам ($0,01)дан 1,2 сомони ($0,12)га оширилади.

Тожикистон солиқчиларининг шикоят қилишларича, электрон алоқа ривожланаётгани ва замонавий технологиялар қўлланилаётганига қарамай, сўнгги йилларда мобил компаниялар даромадлари қисқариб кетди, бу ўз навбатида солиқлар ҳажмини пасайтириб юборди.

Солиқ қўмитасининг таъкидлашича, «сўнгги йилларда халқаро, шаҳарлараро ва тармоқлараро алоқанинг омили бўлган IP-телефони, телеграф, халқаро овозли қўнғироқлар трафиги ва телематик хизматлар (интернет) трафиги ошиб бормоқда. Тожикистон аҳолиси Вайбер, Инстаграм, Телеграмм, ИМО, Фейсбук, Твитердан фойдаланмоқда. «Абонентлар интернет учун ҳақ тўламоқда ва юқорида тилга олинган хизматлардан фойдаланмоқда. Бу каби тартиб мобил компаниялари учун қулайдир, чунки интернет (мегабайт) ўлчов бирлиги мобил компанияларининг даромад ва ҳаражатларини аниқ белгилаш мақсадларида қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилмаган». Қайд этилган хизматлар учун солиқлар ҳажми 2018 йилда 772,5 млн. сомони ($81 млн.дан кўпроқ)ни ташкил қилди, бу 2015 йилга нисбатан 367,2 млн. сомони ($38,6 млн) ёки 67,8%га оздир, демоқда солиқчилар.

Аксилмонополия хизматининг интернет тарифларини ошириш борасидаги фармойиши Тожикистон аҳолисининг норозиликларига сабаб бўлди. Бу ҳақда Тожикистон Алоқа Хизмати раҳбари Бек Сабур 28 март куни Эмомали Раҳмон раислигида бўлиб ўтган ҳукумат мажлисида маълум қилди. Тожикистон Солиқ қўмитаси раҳбари Нусратулло Давлатзода баёнот бериб, мамлакатдаги интернет нархлари - дунёдаги энг арзон нарх эканини таъкидлади. Унинг қайд қилишича, Интернет тарифларининг оширилиши Тожикистон хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Турли манбаларнинг маълумотларига кўра, Тожикистонда интернетдан мамлакат аҳолисининг 15 фоизидан 40 фоизигача фойдаланади. Тожикистон Алоқа хизматининг хабар қилишича, бугунги кунда мамлакатда уч миллион аҳоли Тармоқдан фойдаланади.

XS
SM
MD
LG