Ссылки доступа

Қозоғистон президенти илк ташрифини Россияга амалга оширади


3 апрел куни Москвада Қозоғистон муваққат президенти Қасим-Жомарт Токаевнинг Россия президенти Владимир Путин билан учрашуви режалаштирилган. Токаевнинг ташрифи доирасида бир қатор келишувларнинг имзоланиши кутилмоқда, дея хабар берди Қозоғистоннинг давлатга тегишли “Хабар” телеканали.

Чоршанба куни Қозоғистон президенти маъмуриятида икки давлат раҳбарларининг бўлажак музокаралари тафсилотлари юзасидан маълумотлар берилмади. Ташриф ҳақида 28 март куни хабар берган Қозоғистон президенти маъмурияти икки мамлакат раҳбарларининг учрашуви кун тартибига икки томонлама сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик масалалари, шунингдек минтақавий ва халқаро мавзулар киритилганини маълум қилган эди.

Кремл матбуот хизмати томонидан режалаштирилган учрашув ҳақида тарқатилган хабарга қараганда, музокараларда “икки томонлама муносабатларнинг долзарб мавзуси, Евроосиё ҳудудида интеграция жараёнларининг ҳаракатланиши, минтақавий кун тартибда турган айрим долзарб масалалар” муҳокама қилинади.

Бу Қасим-Жомарт Токаев Қозоғистон президенти этиб сайланганидан кейин унинг илк хорижий ташрифидир.

Сенат собиқ раиси, собиқ бош вазир, собиқ ички ишлар вазири олий таълимни Москвада олган 65 ёшли Токаев салкам 30 йил хокимиятда бўлиб келган Нурсултон Назарбоев истеъфога чиқиши борасида баёнот берганидан сўнг 20 март куни президент сифатида қасамёд қабул қилди. Ўша куни у эгаллаб келган сенат спикери лавозимини биринчи президентнинг катта қизи Дариға Назарбаева эгаллади.

Куни кеча Токаевнинг Россияга ташрифи арафасида Қозоғистон давлат газеталари мамлакат президентининг интервьюсини эълон қилди. Унда президент давлат раҳбари алмашинуви қонун доирасида амалга ошганини таъкидлади ва ўз олдида турган устивор масала “мамлакат сиёсий йўналиши давомийлиги” бўлиб қолишини қайд қилди.

XS
SM
MD
LG