Ссылки доступа

Қирғизистон-Қозоғистон чегарасидаги ўтиш пунктлари штат режимида ишлай бошлади


Қирғизистон-Қозоғистон давлат чегарасидаги вазият барқарорлашмоқда, ўтиш пунктлари штат режимида ишлай бошлади, дея хабар берди ҚР ҳукумати матбуот хизмати.

Ҳукумат баёнотида таъкидланишича, Қозоғистон томони халқ истеъмол моллари ортилган юк автомобилларини аввалгидек чегарадан ўтказа бошлади. Яқин орада юк машиналарининг тўпланиб қолиши билан боғлиқ муаммо бартараф этилиши кутилмоқда.

Ҳукумат баёнотида таъкидланишича, Қирғизистон бош вазири Муҳаммедкалий Абилгазиев топшириғига кўра, Божхона хизмати раҳбари Алмаз Онолбеков бошчилигидаги делегация Қозоғистонга юборилган.

3 апрел куни Қирғизистон Иқтисодиёт вазирлиги баёнот бериб, Қозоғистон томонининг чегарадаги ҳаракатлари Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо бўлган Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи нормаларига хилоф эканлигини маълум қилди.

Бундан аввал Қирғизистон «Ақтилек - Автодорожный» НЎПида 200 дан ортиқ юк автомобил тўпланиб қолгани ҳақида баёнот берган эди. Текширувлар Қозоғистон томонидан 19 мартдан бошлаб кучайтирилди.

Қозоғистон томони берган баёнотга кўра эса, юк ташувчилар назоратдан ўтишни истамаётгани сабабли Қирғизистон билан давлат чегарасида автотранспорт воситалари тўпланиб қолган.

XS
SM
MD
LG