Ссылки доступа

Тожикистон ва Қирғизистон ер участкаларини айирбошлаш имкониятларини муҳокама қилди


Тожикистон ва Қирғизистон муаммоли участкаларни бартараф этиш ва давлат чегараларидаги участкалардаги барқарорликни таъминлаш мақсадида ер участкаларини айирбошлаш имкониятларини муҳокама қилди.

Бу ҳақда Қирғизистон хукумати аппарати Душанбеда бўлиб ўтган чегараларниделимитация ва демаркация қилиш бўйича хукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлисидан сўнг маълум қилди.

Мажлисда Қирғизистон-Тожикистон давлат чегараларининг қолган участкалари линияси лойиҳасини чизиш ишларини давом эттириш ва кенг қамровли делимитация қилинган топографик хариталарни тузиш ишларини якунлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Тожикистон-Қирғизистон чегарасининг умумий узунлиги 976 километрни ташкил қилади, шундан бугунги кунгача атиги 504 километри делимитация ва демаркация қилинган. Чегаранинг белгиланмаган линияси чегара яқинидаги қишлоқлар ўртасида яна низоларга сабаб бўлиши мумкин.

«Учрашув якунларига кўра мажлис протоколи имзоланди. Томонлар ўзаро келишилган ҳолда Тожикистон-Қирғизистон давлат чегараларининг қолган линиясини белгилашни якунлашга тайёр эканликларини таъкидлашди, бу ўз навбатида чегара туманларида барқарорлик ва яхши қўшничилик кафолати бўлиб хизмат қилади», - дейилади хабарда.

Чегараларни делимитация ва демаркация қилиш бўйича тожик-қирғиз ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси 6 апрел куни кечқурун Душанбеда якунланди. Икки мамлакат расмий делегацияларига Тожикистон бош вазирининг ўринбосари Азим Иброҳим ва унинг қирғизистонлик ҳамкасби Жениш Разақов раҳбарлик қилди.

Учрашувлар Тожикистон Миллий кутубхонаси биносида ёпиқ эшиклар ортида, ОАВ вакиллари иштирокисиз бўлиб ўтди.

Музокаралар Тожикистон-Қирғизистон чегарасида 13-14 март кунлари юз берган навбатдаги можародан кейин бўлиб ўтди. Расмий маълумотларга кўра, ҳар икки томондан жабрдийдалар бор – 20 дан ортиқ киши жароҳат олди, Тожикистонинг икки фуқароси ҳалок бўлди.

Қирғизистон чегара хизмати маълумотига кўра, Қирғизистоннинг Оқсой ва Тожикистоннинг Меҳнатобод қишлоқларининг аҳолиси ўртасидаги можаро 13 март куни Оқсой айланма йўли қурилиши вақтида келиб чиққан. Чегара яқинидаги қишлоқнинг 200га яқин аҳолиси чегара олдида тўпландива даҳанаки жанжалдан сўнг бир-бирларига қарата тошлар улоқтира бошладилар, шундан сўнг қирғиз томонидан ўқ отилди.

Қирғизистон ва Тожикистон расмий делегацияларининг 18 март куни бўлиб ўтган музокараларидан сўнг чегарадаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган протокол имзоланди. Расмийлар томонидан 2014 йилда эришилган Келишувни ҳаётга татбиқ этишга эришилди, унга кўра Оқсой-Тамдиқ айланма йўлини қуриш ишлари давом эттирилади, аммо бу йўлдан фақат чорва молларини олиб ўтишда фойдаланилади. Ворух ва Хўжа Аъло ўртасида эса Оқсой қишлоғини айланиб ўтувчи асфалтланган автомобиль йўли қурилади.

XS
SM
MD
LG