Ссылки доступа

Қирғиз-қозоқ чегарасида юк машиналарининг навбати икки баробар камайди


Қирғизистон-Қозоғистон чегарасидаги «Ақтилек - Автодорожный» НЎПидан ўтиш учун навбат кутаётган автомобиллар сони икки баробар камайди. Бу ҳақда “Озодлик” радиосининг қирғиз хизматига ўтиш пункти бошлиғи Азамат Анарбаев маълум қилди.

Шу билан бирга ҳукумат, қирғиз-қозоқ чегарасидаги НЎП одатдагидек ишлай бошлагани хақида баёнот берди.

Бундан аввал чегарадаги вазият Қирғизистон ва Қозоғистон бош вазирлари Мухаммедкалий Абилгазиев ва Асқар Мамин томонидан муҳокама қилинган эди. Эришилган келишувга кўра, Давлат Божхона хизмати раиси Алмаз Онолбеков бошчилигидаги делегация Нур-Султанга ташриф буюрди.

Аввалроқ Қирғизистон «Ақтилек – Автодорожный» НЎПида 200дан ортиқ юк автомобиллари тўпланиб қолганини маълум қилган эди. Текширувлар Қозоғистон томонидлан 19 мартдан кучайтирилди.

3 апрел куни Қирғизистон Иқтисодиёт вазирлиги баёнот бериб, Қозоғистон томонининг чегарадаги ҳаракатлари Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо бўлган Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи нормаларига хилоф эканлигини маълум қилди.

Қозоғистон томони берган баёнотга кўра эса, юк ташувчилар назоратдан ўтишни истамаётгани сабабли Қирғизистон билан давлат чегарасида автотранспорт воситалари тўпланиб қолган.

XS
SM
MD
LG