Ссылки доступа

Қозоғистоннинг 11 та минтақасида беморлар ажратилган дори-дармонларни олмаган, 20 та жиноий иш очилди


Қозоғистоннинг 11 та минтақасида мижозлар ўзларига ажратилган $11 млн.лик дори-дармонларни олмаган. Бу ҳақда Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг фармацевтика қўмитаси раиси Людмила Бюрабекова маълум қилди.

Бюрабекованинг сўзларига қараганда, бепул дори-дармонлар етказиб беришда узилишлар бўлаётгани ҳақида кўплаб шикоятлар тушганидан кейин Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2018 йилнинг ёзида минтақаларда текширувлар ўтказди.

Бунинг натижасида пациентларга ажратилган дори- дармонларни олмаганликлари билан боғлиқ фактлар аниқланди, шу билан бирга ИСЛО (“Дори-дармонлар билан таъминлаш” ахборот тизими”) порталида дорилар олингани ҳақида белги турган.

«2016–2017 йилларда умумий қиймати 4,3 миллиард тенге (11 миллион доллардан кўпроқ) қолиб кетган тиббий препаратлар ва тиббиёт анжомлари аниқланди. Шу билан бирга ИСЛОда минтақаларда қолиб кетган препаратлар қайд қилинмаган, барча дори-дармонлар пациентларга тарқатилган. Бош прокуратура томонидан минтақаларда ўтказилган текширувлар натижасида шу кунга қадар 20 дан ортиқ жиноий иш очилди», – дея таъкидлади Людмила Бюрабекова.

Куни кеча Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Токаев ўзининг Twitter'даги саҳифасида мамлакат соғлиқни сақлаш тизимига бир триллион тенгедан ортиқ маблағ сарфланганини маълум қилди. Унинг сўзларига қараганда, минтақаларда ҳамон оддий тиббий хизматлардан фойдаланишда мураккабликлар учраб турибди.

XS
SM
MD
LG