Ссылки доступа

Ҳайфсандан сўнг ИИВ раҳбари Ашхободда хусусий таксичиларга нисбатан «ов» бошлади


Ашхобод аҳолиси хусусий таксилар сони бирдан қисқариб кетиши ва хизматлар нархи кўтарилиши билан тўқнаш келди. "Хусусий таксичига тегишли машинани топиш амри маҳол бўлиб қолди. Ҳамма қўрқиб қолган", - дея хабар беради 8 апрел куни Ашхободдаги “Озодлик” мухбири.

Куни кеча “Озодлик” мухбирлари Ашхобод йўл полицияси томонидан хусусий таксичиларни ушлаш мақсадида ўтказилган оммавий рейдлар ҳақида хабар берган эди.

"ДАНчилар худди занжирдан бўшатилгандек. Ёлланма йўловчилар ёрдами билан шаҳар бўйлаб пистирмалар қўйишди", - дея хабар берди 5 апрел куни “Озодлик” мухбирларидан бири. Унинг сўзларига қараганда, икки кун мобайнида шаҳар бўйлаб хусусий таксичилик билан шуғулланган ўнлаб машиналар ушланди ва жарима майдончасига олиб борилди.

Хусусий таксичиларга қарши ўтказилган рейдлар президент томонидан ИИВ раҳбарига берилган ҳайфсан билан бир вақтга тўғри келиб қолди. 4 апрел куни Исгендер Муликов “йўл қўйган камчиликларни қисқа муддатда тўғирлаши” юзасидан огоҳлантириш билан навбатдаги сўнгги ҳайфсан олди.

Давлатга тегишли медиа манбаларининг хабар қилишича, вазир хусусий шахслар томонидан қонунга зид равишда йўловчи ташилишини бартараф эта олмаган. «Бу каби фаолият билан шуғулланишга ҳуқуқи бўлмаган шахслар йўл транспорт қоидаларини қўпол равишда бузмоқда, бу ўз навбатида йўл-транспорт ҳодисаларига ва авария вазиятларига сабаб бўлмоқда», - деди Бердимуҳамедов, унинг бу сўзларини давлатга тегишли ТДХ ахборот агентлиги иқтибос келтиради.

“Озодлик” билан суҳбатлашган Ашхободда яшовчиларнинг сўзларига қараганда, кўпчилик учун хусусий таксичилик қилиш пул топишнинг бирдан бир манбаидир, шу билан бирга хусусий таксилар аҳоли ўртасида оммалашган транспорт воситасидир.

Хусусий таксилар сони камайиб кетиши фонида такси хизматлари нархи кўтарилиб кетди. “Озодлик” мухбирларнинг сўзларига қараганда, нархлар ўртача 30-50 фоизга ошган.

- Барча "қонуний" таксилар - "сариқ" ва "оқ" рангли таксилар бирданига нархларни 30-50 фоизга кўтариб юборишди, улар бирор бир ҳисоблагичларсиз ишламоқда ва нархларни ўзлари белгиламоқда. Айниқса, "Берқарар" Савдо маркази таксилари ҳаддан ошиб кетган. Чунки бу таксичилар савдо қилган одамлар барибир таксида кетишларини яхши билишади.

XS
SM
MD
LG