Ссылки доступа

Президент 3,6 миллиард долларлик 27та лойиҳаниниг бажарилишини шахсан ўзи назорат қилмоқчи


Президент Шавкат Мирзиёев бир қатор ширкатлар раҳбарлари, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Наманган, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимларининг инвестиция бўйича ўринбосарларини қониқарсиз фаолият юритаётгани тўғрисида огоҳлантирди.

Президент матбуот хизматининг 8 апрелда билдиришича, 2019 йилнинг биринчи чорагида белгиланган инвестиция маблағлари ўзлаштирилган бўлса-да, юқорида номи келтирилган ташкилот ва вилоятларда етарли даражадаги ишлар олиб борилмаган.

Расмий хабарда таъкидланишича, 2019 йилги Инвестиция дастурига мувофиқ жами 3 минг 200 дан зиёд инвестиция лойиҳаси доирасида қарийб 14 миллиард доллар миқдоридаги капитал қўйилмаларни ўзлаштириш режалаштирилган. Шундан 4 миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш белгиланган.

Шундан келиб чиққан ҳолда президент инвестицияларнинг ўз вақтида ўзлаштирилишини таъминлаш учун янги назорат тизимини жорий этишни таклиф қилди. Унга кўра, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги барча лойиҳалар тўртта рўйхатга бўлиниб, алоҳида ва изчил назорат қилиб борилади.

Биринчи рўйхатга жорий йилда 3,6 миллиард доллар хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши мўлжалланган 27 та энг муҳим стратегик лойиҳалар киритилади ва у президентнинг доимий назорати остида бўлади.

Иккинчи рўйхат шу йили 1,3 миллиард доллар хорижий инвестиция ўзлаштириладиган 65 та йирик лойиҳадан иборат бўлиб, уни Бош вазир назорат қилиб боради.

Бош вазир ўринбосарлари назорат қиладиган учинчи рўйхатга 407 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилиши режалаштирилган 65 та лойиҳа киритилади.

Тўртинчи рўйхатдаги лойиҳаларни ҳудудларга бириктирилган марказий идоралар раҳбарлари ва ҳокимлар назорат қилади.

XS
SM
MD
LG