Ссылки доступа

Тожикистонда фожиали ЙТҲ: 6 киши ҳалок бўлди ва 8 киши жароҳат олди


Тожикистоннинг Хатлон вилоятидаги Балжувон туманида “Урал” юк машинаси иштирокида юз берган фожиа оқибатида олти киши ҳалок бўлиб, саккиз киши жароҳат олди.

Туман маъмуриятининг маълум қилишича, фожиали ҳодиса 8 апрел куни Сарихосор жамоатига тегишли Дошманди қишлоғида юз берди. Манбанинг сўзларига қараганда, жабрдийдалар шифокорлар назоратида касалхонада даволанмоқда.

«Уларнинг аҳволи ниҳоятда оғир. Улар турли даражада жароҳат олди. Кечаги тунда беморлардан бирини операция қилдик», - дейди манба.

Автоҳалокатнинг гувоҳи бўлган Сарихосор жамоатининг аҳолисининг айтишича, машина баландликка кўтарилаётган эди, ҳайдовчи ҳодисанинг олдини олиш мақсадида йўловчилардан машинадан тушишни ва пиёда боришни сўради. Бир нечта йўловчи тушди, бироқ шунга қарамай автомобиль баландликка кўтарила олмади ва пастга ағдарилиб кетди.

«Пастга тушганларнинг айримларини машина босиб кетди», - дейди гувоҳлардан бири.

Автоҳалокатда жабрланганлар орасида маҳаллий маъмуриятнинг молия бўлими собиқ бошлиғи Зариф Саъдиев ва унинг ўғли ҳам бор. Уларнинг ҳар иккиси оғир жароҳат олгани боис шифохонага ётқизилди.

Аҳоли мана шу фожиадан сўнг ҳукумат Сарихосоргача йўл қуриш билан шуғуланишига умид қилмоқда. Уларнинг сўзларига қараганда, ҳар йили мазкур йўлда юз берадиган ЙТҲ оқибатида 1-2киши ҳалок бўлади.

Сарихосор жамоати –Балжувандаги энг катта қишлоқдир. Маҳаллий йўллардан асосан «Урал» ва «УАЗ» машиналари юради.

XS
SM
MD
LG