Ссылки доступа

Мажилис Назарбоев девонхонасига $2,6 млн ажратди


Бугун Мажилис йиғилишида депутатлар уч йиллик республика бюджети тўғрисида сенат томонидан қабул қилинган қонун лойиҳасига тузатиш киритишга рози бўлди ва биринчи президент девонхонасига бир миллиард тенге ($2,6 млн) ажратдилар.

4 апрел куни сенат уч йиллик бюджет тўғрисидаги қонун лойиҳасини Мажлисга қайтарди, қонун лойиҳасига элбоши девонхонасига бир миллиард тенге ажратиш, алоҳида олинган фуқароларнинг ва давлат хизматчиларининг маоши оширилиши 1 июлдан эмас балки 1 июндан ишга туширилиши ва Астананинг Нурсултанга ўзгартирилиши назарда тутилиши қайд қилинди.

Бу мақсадлар учун, ҳамкасбларини сенат киритган тузатишлар билан таништирган Мажилиснинг молия ва бюджет қўмитаси аъзоси Серик Кусаиновнинг айтишича, бюджетдан 38 миллиард тенге ажратилади. Мажилис депутатлари муҳокамаларсиз бир овоздан қонун лойиҳасини маъқулладилар, дея хабар беради “Озодлик” мухбири.

Бундан аввал Қозоғистон молия вазирининг ўринбосари Татьяна Савельева журналистларга Қозоғистон биринчи президенти Нурсултан Назарбаев девонхонасини ташкил қилиш учун бир миллиард тенге (2,6 млн доллар) кетишини айтган эди.

Мамлакатга салкам 30 йил раҳбарлик қилган Нурсултан Назарбаев шу йилнинг мартида Қозоғистон президенти ваколатини ўзидан соқит қилди. “Биринчи президент - миллат лидери” тўғрисидаги конституцион қонунга кўра Назарбаев мамлакат тарихида беқиёс имтиёзларга эга бўлади: уй, дала ҳовли, автомобиль, пенсия, худди амалдаги президент сингари қўриқлаш хизматидан фойдаланади, умрбод дахлсиз бўлган банк ҳисобларига, мулкка эга бўлади ва судланмайди.

XS
SM
MD
LG