Ссылки доступа

Бош прокуратура: Рашитжон Қодировга нисбатан қийноқ қўлланилмаган


Бош прокуратура коррупцияда айбланиб судланаётган собиқ бош прокурор Рашитжон Қодировга нисбатан қийноқлар қўлланилганини рад этди.

Аввалроқ Amnesty International ташкилоти Рашитжон Қодиров қийноқларга солинган бўлиши эҳтимолидан ташвиш билдирган.

Бош прокуратура расмий баёнотида таъкидланишича: “Терговнинг бошиданоқ Р.Қодировга ҳимояланиш ҳуқуқи берилган, адвокатнинг барча тергов ҳаракатларида иштироки, шунингдек, у билан ҳеч қандай чекловларсиз ҳоли учрашиш имконияти таъминланган.

Р. Қодиров ва бошқа иштирокчиларнинг ёшини ҳисобга олган ҳолда, дастлабки тергов давомида уларнинг соғлиғи Ички ишлар вазирлиги тиббиёт муассасаларининг доимий назорати остида бўлди. Ишни судда кўриб чиқиш жараёнида ҳам доимий тиббий ёрдам кўрсатилмоқда ва барча зарур тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган алоҳида махсус транспорт воситаси ажратилган.

Тергов давомида суд-тиббий экспертиза ўтказилган, унинг хулосасига кўра, Р.Қодировнинг соғлиғининг ҳолати қамоқда сақлашга тўсқинлик қилмаслиги маълум бўлган ва унда ҳеч қандай тан жароҳатлари аниқланмаган”.

Бош прокуратуранинг билдиришича, жиноят иши доирасида 2018 йил 25 февралда қамоққа олинган Рашитжон Қодиров адвокатга ҳеч қандай жисмоний ёки руҳий босим ўтказилмаётганлигини ҳам айтган.

Бош прокуратура тергов давомида Р.Қодиров ўз айбини фақат қисман тан олган, “бу эса унга айблов бўйича ўз фикрини эркин ифода этиш имконияти берилгани ва унинг бундай мазмундаги кўрсатмаларини олишда унга нисбатан қандайдир босим ўтказилганлик факти мавжуд эмаслигидан далолатдир”.

Бугунги кунда Р.Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят иши суд томонидан кўриб чиқилмоқда.

XS
SM
MD
LG