Ссылки доступа

Хўжанд колониясидаги исёндан кейин Тожикистон пенитенциар тизимида ўзгариш юз берди


Тожикистонда мамлакат Адлия вазирлигининг жиноий жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимида ўзгариш юз берди. Республикада деярли ҳар йили кадрлар алмашинуви ўтказилади, бироқ у камдан-кам ҳолларда вазирлик ва идоралар раҳбарларига, айниқса куч ишлатар блокларга тааллуқли бўлади.

Сўнгги ўзгариш, тожик ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига кўра, қаттиқ режимли Хўжанд колониясидаги исёндан кейин бошланган пеницитар тизимдаги ислоҳотларнинг давом этиши билан боғлиқ. Ўтган йилнинг 8 ноябрига ўтар кечаси юз берган тартибсизликлар чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 нафар маҳбус ҳалок бўлган. Тартибсизлик давомида турманинг икки нафар ходими ўлдирилган, беш нафар қўриқчи оғир яраланган эди.

11 апрел куни ЖЖИЭББ раҳбари ва Тожикистон адлия вазирининг ўринбосари Мансуржон Умаров кадрлар алмашинуви ҳақидаги маълумотни тасдиқлади, аммо унинг қаттиқ режимдаги Хўжанд колониясига алоқадор эмаслигини таъкидлади.Тожикистон шимолида иккита колония ва иккита тергов изолятори жойлашган. Уларнинг барчаси Хўжанд шаҳрида жойлашган. Хабар қилинишича, кадрлар алмашинуви Тожикистоннинг бошқа аҳлоқ тузатиш муассасаларида ҳам юз бермоқда.

Вахдат шаҳрининг «Кирпичный» посёлкасида жойлашган қамоқхона бошлиғи Диловар Исмоиловнинг қайд этишича, Хўжанд колониясидаги исёндан кейин тартибсизликларнинг такрорланишига йўл қўймаслик учун аҳлоқ тузатиш муассасаларининг раҳбарлари ўз хизмат вазифаларига масъулият билан ёндоша бошлаганлар.

Қаттиқ тартибдаги №3/3 сонли Хўжанд колониясидаги исён 2018 йилнинг 8 ноябрига ўтар кечаси келиб чиқди. Орадан икки ҳафта ўтиб Тожикистон ички ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин Брюсселда илк бор Хўжандда нима юз бергани тўғрисидаги тожик расмийларининг расмий нуқтаи назарини биринчи марта баён қилди. Амалдорнинг сўзларига кўра, тартибсизликни бостириш давомида 21 нафар исёнчи ўлдирилган, исёнда эса асосан террорчилик учун жазони ўтаётган маҳбуслар, шу жумладан, “Ислом давлати”, “Ансоруллоҳ”, “Жундуллоҳ” ва “Ўзбекистон ислом ҳаракати” (12 киши)нинг тарафдорлари иштирок этган. Яна олти нафар ўлдирилган маҳбуслар қотиллик ва наркотиклар контрабандаси учун қамалган эди.

Юз берган воқеадан кўп ўтмай колониянинг бир неча ходими, жумладан, унинг бошлиғи Файзуллажон Сафаров қамоққа олинган. Маълум бўлишича, колониянинг собиқ раҳбарига нисбатан жиноиий иш қўзғатилган, уни ваколатларини суистеъмол қилиш ва совуққонликда айблашмоқда.

XS
SM
MD
LG