Ссылки доступа

Ашхободда хусусий таксилар устидан назорат кучайган бир пайтда жамоат транспортига талаб ортмоқда


Ашхободдаги “Озодлик” мухбирларининг хабарларига қараганда, сўнгги вақтларда шаҳардаги жамоат транспорти йўловчилар билан тўлиб тошган, айрим пайтларда тирбандликлар туфайли можаролар бўлиб турибди.

Автобусларнинг йўловчилар билан тўлиб кетгани полиция рейдлари ва хусусий таксилар устидан назорат кучайган бир пайтга тўғри келиб қолди.

Автобус қатнови Туркманистон пойтахтидаги ягона жамоат транспорт тури ҳисобланади.

«Автобуслар йўловчилар билан тўлиб кетди. Бундан ташқари автобуслар ўз вақтида ўз йўналиши бўйича юрмайди. Куни кеча мен №60автобусни камида 40 дақиқа кутдим. Аслида бу сонли автобус ҳар 10-15 дақиқада келиши керак эди. Автобусларнинг ўз вақтида ишламаслигини ва йўловчилар билан тўлиб-тошганини ҳеч ким назорат қилмайди. Одамлар ўз эҳтиёжларига қараб жамоат транспортидан фойдалана олмайди. Ишга ёки ўқишга кечикиб боришмоқда», - дея 11 апрел куни “Озодлик” мухбири хабар берди.

Унинг сўзларига қараганда, йўловчилар юз бераётган ҳодисалардан жуда ҳам норози, гоҳида тўлиб кетган жамоат транспортида мажоролар ҳам бўлиб туради. «Пойтахтдаги жамоат транспортида ёзилмаган қоида амал қилади. Одатга кўра, автобуснинг олди ўриндиқларда аёллар, орқа ўриндиқларида эса эркаклар ўтиради. Аёллар эркаклар ўзлари томонга ўтирмасликлари учун тез-тез жанжаллашиб туришади. Гоҳида катта жанжаллар бўлиб туради. Бу каби ҳодисалар авваллари кузатилмаган эди", -дея таъкидлайди “Озодлик” мухбири.

“Озодлик” билан суҳбатлашган Ашхобод аҳолисининг айтишларича, пойтахт жамоат транспортининг тўлиб-тошгани хусусий киракашлик билан шуғулланувчи автомобиллар сонининг кескин камайиб кетиши билан боғлиқдир.

«Такси тутиб бўлмайди. Шу сабабли шаҳар аҳолиси жамоат транспортидан фойдаланишга мажбур. Йўловчиларга қулай талабларни таклиф қилаётган хусусий таксиларни онда-сонда учратиб қоласиз. Эндиликда уларнинг сони чекланган. Одамлар ғазабланиб, очиқчасига хукуматини танқид қилмоқда. Айрим ҳолларда, “агар аҳолини жамоат транспорти билан таъминлай олмасанг, нима учун хусусий таксичиларнинг ишлашига рухсат бермайсан” деган кинояларни эшитиб қолиш мумкин", -дея таъкидлайди “Озодлик”нинг Ашхободдаги мухбири.

Шу билан бирга “Озодлик” манбаларининг сўзларига қараганда, сўнгги ойларда давлатга тегишли автобус ва такси ҳайдовчилари қисқартирилган, бундан ташқари айрим автотранспорт воситалари ишдан чиққан, автопаркларда носоз автобусларни кўриш мумкин.

Куни кеча Туркманистон ички ишлар вазири Искендер Муликов “хусусий шахслар томонидан қонунга зид равишда йўловчи ташишнинг олдини ололмагани учун” сўнгги бор огоҳлантириш билан қаттиқ ҳайфсан олган эди. Президент томонидан берилган ҳайфсандан сўнг йўл полицияси ходимлари рейдлар ўтказа бошлади ва хусусий киракашлик қилаётган ҳайдовчиларни жаримага торта бошлади.

XS
SM
MD
LG