Ссылки доступа

Эмомали Раҳмон: Тожикистон Россияда янги муҳожирлик амнистиясига умид қилмоқда


Эмомали Раҳмон ва Вячеслав Володин
Эмомали Раҳмон ва Вячеслав Володин

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Россияда тожик меҳнат муҳожирлари учун амнистиянинг навбатдаги босқичи ўтказилишига умид қилмоқда. Бу ҳақда Эмомали Раҳмоннинг шу кунларда Москвада РФ Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин билан учрашувидан кейин маълум бўлди.

Тожикистон раҳбарининг айтишича, муҳожирлик соҳасида “эътиборни талаб этадиган” яна очиқ қолаётган масалалар қолмоқда. Улар орасида, Эмомали Раҳмоннинг сўзларига кўра, рўйҳатга қўйиш жараёнларини соддалаштириш ва ишга патент олиш, меҳнат муҳожирлари оилалари аъзоларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш масалалари бор.

Тожикистон президентининг қайд этишича, расмий Душанбе тожик меҳнат муҳожирлари учун амнистиянинг навбатдаги босқичини ўтказишга умид қилмоқда. Бундан ташқари, Душанбе Москвадан муҳожирлик рўйҳатига қўйиш ва ўз фуқаролари учун патент олиш жараёнини соддалаштиришни сўрайди.

Икки йил муқаддам Россияда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган, тожикистонлик 122 минг меҳнат муҳожирлари авф этилган эди. Тожикистон фуқаролари учун амнистия жараёни 2017 йилнинг март-апрел ойларида ўтказилган. «Амнистия давомийлиги атиги бир ойга чўзилган ва албатта, бундай қисқа муддатда меҳнат муҳожирларига буни етказиш ва уларни хабардор қилиш қийин бўлган, негаки, уларнинг кўпчилиги Россиянинг узоқ минтақаларида бўлган… Бу катта сондагиларнинг кичик қисми қонунийлашиб олган, қолганларга Россияга кириш аввал тақиқланган режим қайта очилган", - деб хабар берган эди журналистлар билан учрашувларнинг бирида Тожикистон меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазири Сумангул Тоғайзода.

Эмомали Раҳмон 16 апрел куни Россияга расмий ташриф билан борди. Бугун у Россия президенти Владимир Путин билан учрашади, музокаралар якуни бўйича томонлар бир қатор икки томонлама ҳужжатларни, шу жумладан, Тожикистондан Россияга меҳнат муҳожирларини уюшган тартибда танлаб олиш тўғрисидаги келишувни имзолашади.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистоннинг 1 миллиондан зиёд фуқаролари Россияда меҳнат муҳожирлигида кун кўрмоқда.

XS
SM
MD
LG